Жамият | 23:21 / 03.04.2018
158194
4 дақиқада ўқилади

Вазирлик паркларда севишганларни «овлаган» журналистларни огоҳлантирди

Интернетда Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ш.Якубжонова имзосидаги хат нусхаси тарқалди.

Унда вазирлик номидан «MY5» («Менинг юртим») телеканали раҳбариятига мурожаат қилинган. Мурожаат телеканалда 1 апрель куни эфирга берилган «Яширин камера» дастурига эътирозлар баён этилган.

Ушбу дастурда телеканал журналисти сайёр камера ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги паркларни айланиб, севишган жуфтликларни «қўлга туширгани» ва уларни жамоат жойида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишга чақирганини кўриш мумкин.

Вазирлик телеканал журналисти бу хатти-ҳаракатлари орқали ўзининг етарлича касбий тайёргарликка эга эмаслигини кўрсатиб қўйганини қайд этган ва телеканалга инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлигини инобатга олган ҳолда, ОАВ вакиллари фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишлари лозимлигини эслатган, келгусида теледастурларни тайёрлашда қонунчилик нормаларига риоя қилиш шартлиги билдирилган.

Қуйида ушбу хат матни тўлиқ келтирилади.

Биринчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмаслиги белгиланган. Мазкур норма Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида тўлиқ имплементация қилинган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига асосан, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

«Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиши шарт.

Журналист ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек, аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.

Иккинчидан, Нодавлат телерадиоканаллар Хартиясида журналистларнинг касбий бурчини бажаришда инсонларнинг ахлоқий, жисмоний ва руҳий соғлигига зарар етказиши мумкин бўлган телерадиокўрсатувларни оммага узатишда рухсат этилган чегарани ва касбий этикани эътиборга олиш қайд этилган.

Ушбу Хартия журналистлар томонидан умумий ахлоқ меъёрларини илгари суриш жараёнида чуқур инсонийлик, тарбиявийлик, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш орқали амалга ошириш мажбуриятини назарда тутади.

Шу каби меъёрлар «Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг профессионал журналисти» ахлоқ кодексида ҳам ўрнатилган.

Учинчидан, сўзсиз, ўсиб келаётган авлод келажаги учун, уларни бой тарихий-маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш муҳимдир.

Шу билан бирга, ахлоқ-одоб қоидалари жамиятда фуқароларнинг дунёқараши, эътиқоди, шахсий фазилатлари ва бошқа омиллардан келиб чиқиб шаклланади.

Адлия вазирлиги тарбия муҳимлигини, лекин бу инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳисобига эришилишига йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этади.

Телеканал кадрларида кўрсатилган ёшлар хулқ-атворида амалдаги қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари мавжуд эмас ва бунда ОАВ вакилларининг ҳаракати уларнинг етарлича касбий тайёргарликка эга эмаслигидан далолат беради.

Инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканини инобатга олган ҳолда, ОАВ вакиллари фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишлари лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, келгусида теледастурларни тайёрлашда ушбу қонунчилик нормаларига риоя қилиш шартлигини билдириб ўтамиз.

Мавзуга оид