Фан-техника | 21:38 / 10.04.2018
8341
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск бўлғуси коинот ракетасининг ўзагини кўрсатди 

Фото: Instagram/elonmusk

Илон Маск инстаграмда янги ракетаси Big Falcon Rocket (BFR)’нинг корпуси сурати билан бўлишди. Ракетанинг ўлчамини тасаввур қилиш учун унинг ёнига Tesla Model 3 электромобили жойлаштирилган.

SpaceX раҳбари ғоясига кўра, Big Falcon Rocket ракетаси SpaceX’нинг янги сайёралараро коинот кемасини коинотга олиб чиқадиган ракета бўлади. Марсга жўнатиладиган янги кеманинг илк синовлари 2019 йилда бўлиб ўтиши керак. 

Янги ракета аввалгиларидан анча каттароқ бўлади, унинг диаметри 9 метрни ташкил қилади. BFR кўп маротаба ишлатса бўладиган иккита поғонадан ва фойдали юкнинг 3 та варианти: сайёралараро коинот кемаси, коинот танкери ва орбитага сунъий йўлдошлар олиб чиқадиган ва Халқаро коинот станциясига парвозлар учун юк кемасидан иборат бўлади.

Шунингдек, кема фазогирлар учун 40 та кабина билан жиҳозланади, унинг узунлиги 48 метрни ташкил қилади. Ракетанинг баландлиги эса 106 метрни, фойдали юк 150 тоннагачани ташкил қилади.    

Мартда Илон Маск SpaceX’нинг бош мақсади 2022 йилгача Марсга юк миссияси юборишдан иборатлигини айтган. Унинг прогнозларига кўра, кема 2019 йилдаёқ қисқа парвозлар амалга ошириши мумкин. Бироқ Маск ўйланган режалар тахмин қилинаётган муддатларгача амалга ошмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирган.

 

Мавзуга оид