Ўзбекистон | 20:32 / 11.04.2018
23215
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шаҳарларида тезлик 60 километр соатгача туширилиши мумкин 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон шаҳарлари ва аҳоли пунктларида транспорт ҳаракатининг максимал рухсат этилган тезлиги йил охиригача 70-60 км/соатгача туширилиши мумкин. Бу Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида жойлаштирилган Йўл ҳаракати хавфсизлиги концепцияси лойиҳаси билан назарда тутилган.

Йўл-патрул хизмати инспекторларини жорий йилдан бошлаб маъмурий қоидабузарликларни, жумладан пиёдалар томонидан содир этилганларни марказлаштирилган электрон тизимда қайд этиш учун бодикамералар ва электрон планшетлар билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан тартибга солинмаган пиёда йўлакларини модернизация қилиш таклиф этилмоқда. Бунда мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларига яқин бўлган йўлакларга ёритиш воситалари ва сунъий йўл нотекислари ўрнатилади.

Йўл ҳаракати қоидаларида қонунчилик билан автотранспорт воситаларида болаларни ушлаб турувчи қурилмалардан фойдаланиш талаби мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин. Ҳозирда бундай талаб йўқ.

Умумий фойдаланишдаги объектларга яқин бўлган жойлардаги автомобиль йўллари ва шаҳар йўл-транспорт тармоғи участкаларида вақтинчалик ҳамда узоқ муддат тураргоҳлар ташкил этилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жума «Машинасиз кун» деб эълон қилиниши мумкин экани хабар берилганди.

Мавзуга оид