Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия билан «юмшоқ муносабатлар» даври тугади
Марказий разведка бошқармаси собиқ директори, АҚШнинг янги давлат котиби Майк Помпео Россия билан юмшоқ муносабатлар олиб бориш сиёсати ўтмишда қолгани ҳақида маълум қилди.
«Россия агрессив ҳаракатланишда давом этмоқда. Кўп йиллар давомида олиб борилган юмшоқ сиёсат уларнинг агрессиясига қарши нима қила олди? Энди бундай давом этмайди», деган Помпео Конгрессга йўллаган хатида.
У Россия билан муносабатларда қўлланадиган санкцияларни келтирган: дипломатларни чиқариб юбориш, Америка армиясини кучайтириш, ядровий ривожланиш, шунингдек, «Украина ва Грузия ҳудудида Россия экспансиясига қарши қаршилик кўрсата оладиган кишиларни қуроллантириш» шулар жумласида.
«Бу рўйхат бирмунча узун. Бу рўйхатга яна қўшимчалар қилишим эҳтимоли юқори», деган Помпео.
«Бизнинг маъмуриятимиз президентнинг миллий хавфсизлик стратегиясида Россияни мамлакатимизга таҳдид сифатида аташини аниқ тушуниб олиши керак. Бизнинг Россия билан дипломатик алоқаларимиз мураккаблашиб боради», дея қўшимча қилган у.
Муносабатларнинг чигаллашуви, санкциялар ва дипломатларнинг чиқариб юборилиши
Россия ва АҚШ ўртасида навбатдаги эскалация Шарқий Ғута ҳудудидаги Дума шаҳрида Сурия армияси томонидан кимёвий газ қўллангани ҳақидаги хабарлардан кейин юзага келди. Ғарб давлатлари расмий Дамашқни айбламоқда, улар суриялик ҳарбийлар хлорли бомба билан тинч аҳолини заҳарлашганини иддао этишмоқда. Россия эса бундай бўлмаганини таъкидламоқда.
Чоршанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерида Россияга Сурияга йўлланадиган ракеталарни кутиб олишга тайёрланишни маслаҳат берди. Бироз вақт ўтиб у Вашингтон ва Москва муносабатлари совуқ уруш давридагидан ҳам кўра ёмонроқ аҳволга келганини айтиб ўтди.
Ўтган ҳафта охирида АҚШ россиялик 38 тадбиркор ва 15та компанияни санкциялар рўйхатига киритди. Санкциялар рўйхати активларни музлатиб қўйиш, АҚШ ҳудудидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулки ҳамда эҳтимолий банк ҳисоб рақамларини хатловга олиш, шунингдек, мамлакатга киришни тақиқлашни назарда тутади.
Санкциялардан энг кўпроқ Олег Дерипаска зарар кўрган. En+, US Rusal ва Дерипаска билан боғлиқ яна 6 компания санкциялар таъсирига тушган. Rusal’нинг Ҳонгконг биржасидаги котировкалари 50 фоизга тушиб кетган, Дерипасканинг давлати эса 1,3 млрд долларга камайган.
Март ойи охирида «Скрипаль иши» доирасида Буюк Британия ҳукумати билан бирдамлик сифатида АҚШ 60 нафар россиялик дипломатни чиқариб юбориш қарорини қабул қилди. Шунингдек, Россиянинг Сиэтл шаҳридаги бош консулхонаси ёпилди.
Халқаро можаролар 4 март куни бошланганди. Ўшанда Англия жанубидаги Солсбери шаҳрида Буюк Британия фойдасига ишлаган россиялик собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлий Скрипаль ҳушсиз ҳолда топилди. Лондон улар Россияда ишлаб чиқарилган асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганини, бу суиқасд ортида Россия турганини маълум қилди ва Россиядан изоҳ беришни талаб қилди. Россия томони бу сўровни эътиборсиз қолдирганидан кейин Буюк Британия Россияни ўз ҳудудида кимёвий қурол қўллаганликда айблаб, 23 нафар россиялик дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборди.
Мавзуга оид
11:58 / 12.11.2024
Маск, кичик Кеннеди ва Уайлс: Трампнинг атрофидагилар ким ва қайсилари янги маъмуриятда лавозим олиши мумкин?
13:51 / 15.11.2023
АҚШ собиқ давлат котиби Помпео «Киевстар» бошқарувида иш бошлайди
22:50 / 12.01.2021
Помпео Эронни "Ал-Қоида" билан ҳамкорликда айблади
23:56 / 16.12.2020