07:57 / 16.04.2018
4856

Черногория президенти сайловларида ғолиб аниқланди

Фото: Stevo Vasiljevic/Reuters

Черногориянинг собиқ бош вазири ва собиқ президенти, ҳукмрон Социалистлар демократик партияси етакчиси Мило Жуканович штаби унинг 15 апрелда ўтган президент сайловларида ғолиб бўлганини эълон қилди. 

“Мило Жуканович Черногориянинг янги президенти, сайловларнинг 2-босқичи бўлмайди. 70 фоиз бюллетенлар кўриб чиқилгандан кейин у 54 фоиздан кўпроқ овоз тўплагани маълум бўлди ва натижалар бошқа ўзгаришига асос йўқ. Бизнинг президент яқин орада фуқароларга мурожаат қилади”, деб айтган Жуканович штаби бошлиғи Милош Николич.

Сайловларнинг якуний натижалари бир неча кун ичида эълон қилинади, бироқ кузатувчиларнинг хулосаларига кўра, натижалар дастлабкиларидан деярли фарқ қилмайди. 

Черногория президенти умумхалқ сайлови орқали 5 йиллик муддатга сайланади. Шу тариқа, ўз лавозимларидан қатъий назар, 1991 йилдан бери Черногория етакчиси ҳисобланадиган Жуканович еттинчи марта мамлакат президенти лавозимини эгаллайди. Унинг янги президентлик мандати охирига келиб умумий бошқаруви муддати 32 йилни ташкил қилади ва у бу борада мамлакатни 40 йил бошқарган Зимбабвенинг собиқ етакчиси Роберт Мугабенинг рекордига яқинлашиб қолади. Агар Жукановичнинг ёши 56 далиги ҳисобга олинса, у бу борада мутлақ рекордчига айланиши ҳам мумкин.

Top