Жамият | 20:44 / 19.04.2018
30546
4 дақиқада ўқилади

«Ахтачида ўт ёнса, Андижонда тутуни»: Экологлар қаерга қараяпти?

Андижоннинг шимолий туманлари қир-адирликлардан иборат бўлгани учун уларнинг табиати баҳорда ўзгача чирой очган.

Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларига борувчи катта йўлдан машинада юрсангиз, қияликлардаги кўм-кўк далалар, бир текис боғлар ортида узоқ-узоқдаги тоғларнинг чўққиси ҳам равшан кўриниб туради.

«Kun.uz» мухбири Хўжаободда қайтишда ҳамроҳимга: «Бизда баҳорнинг апрель ойларида туман тушмас эди. Атрофнинг кўриниши хирами?», - дея савол бердим. «Ахтачидаги цемент заводи трубасидан чиқаётган тутун атрофга шунақа таъсир қиляпти» деди у. Мен ишонқирамадим. Сабаби, Хўжаобод ва Асака тумани ўртасида адирликлар мавжуд. Ўша саноат объектини, бориб, ўз кўзимиз билан кўргач, унинг фикри тўғри эканлигига шубҳа қолмади.

Андижон шаҳридан чиқиб, Асака тумани томон юрсангиз, 5 километрлардан сўнг ўнг томонда Ахтачи саноат ҳудуди келади. Ҳудудда жуда кўплаб корхоналар фаолият юритмоқда. Шулардан бири цемент ишлаб чиқарувчи «SingLida»  қўшма корхонасидир.

2013 йилдан фаолиятга киришган корхона бошида бор қувват билан ишламади чоғи, аввалига бу завод трубаларидан ҳозиргидек ўта катта миқдорда тутун чиқмас эди. Юртда жадал қурилиш ишлари бошлангач, заводнинг ишлаб чиқариш қуввати ошиб, тутуни ҳам фалакни тутди. 2015-2016 йиллардан атрофдаги аҳоли ва бошқа тадбиркорлар ушбу хавотирли ҳолат бўйича турли ташкилотларга мурожаат қила бошлашди.

Цемент заводининг иккита трубасидан чиқаётган тутун, балки цемент чангидир, атмосферани булғаб, атроф-муҳитга жуда катта зарар етказаётганига гувоҳ бўлдик. Шундан сўнг дунёнинг айрим шаҳарларида саноат объектлари чиқараётган тутун туфайли тиниқ осмонни кўриб бўлмаслигига ишондик.

Ўша цемент корхонаси атрофидаги томларни бир сантиметр қалинликдаги чанг ва қурум қоплаб бўлган экан. Одамлар мана шу ҳаводан нафас олишмоқда.

Саноат корхоналари ишлаб чиқариш жараёни давомида пайдо бўладиган атроф-муҳитга зарар етказувчи чиқиндиларнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида оқиб чиқувчи ва тик қувур (труба)ларга талаб қилинган меъёрларга асосан фильтрлар ўрнатади. Балки, Ахтачи цемент заводида бундай ускуналар ўрнатилмаган бўлса керак. Корхона қувурларидан буруқсаб чиқаётган тутунни кўриб, ўша ерда ишлаётган ишчиларнинг аҳволини ўйладик...

Ҳозир, қайси шаҳар ёки туманга борсангиз, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганини кўрасиз. Барча саноат маҳсулотлари сингари цемент ҳам жамиятимиз учун жуда зарур. Лекин, инсон саломатлиги,  табиат, экологияни асраш ундан-да зарурроқ!

Аҳоли томонидан кўп бора қилинган мурожаатлардан сўнг, вилоят экология ва табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур муаммони ҳал қилиш учун ҳаракат қилганидан хабаримиз бор. Ўтган йили мазкур цемент заводини аҳоли яшовчи ҳудудлардан узоқроқ жойга кўчирилиши ҳақида ҳам маълумот тарқаган эди.

Афсуски, йилига 100 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга цемент заводи айни пайтда атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига зарар етказиб, фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзингиз эккан дарахтга болта урсангиз текширадиган, машинангиздан чиқаётган газни ўлчаб жарима солишни қойиллатадиган экология вакиллари, аввало мана шундай муаммоларни ҳал қилса бўлар эди..

Қани, энди навбат Андижон вилоят экология ва табиатни муҳофаза қилиш мутасаддиларига! Кўрамиз, улар ўзларида мавжуд ваколат доирасида қандай ҳаракат қила олар экан?

«Kun.uz» мухбири

Мавзуга оид