Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори Бекзод Ғойибназаров автомобилини сотувга қўйган бир неча кишини чув туширди. У одамларнинг ишончига киришда ўз хизмат мавқейидан фойдаланган, расмий формада видеоларга тушиб, ваъдалар берган. Сержант ҳали ўз номига ўтмаган машиналарни сотиб юбориб, пулларни онлайн қиморга тиккани айтиляпти.

Бекзод Ғойибназаров 2025 йилнинг 13 октябр куни Gentra машинасини сотаётган Абдуллоҳ Неъматов билан учрашади. Автомобил 8 500 долларга савдо қилинади ва ходим 20 декабр куни бу пулни беришини маълум қилади. Лекин орадан 7 ой ўтибдики, на пулдан ва на машинадан дарак йўқ.

Формали ходим алдамаса керак, дея ўзини овутишга ҳаракат қилган Абдуллоҳ ниҳоят чув тушганини англаб етади ва бу ҳақда инспекция ва Андижон шаҳар прокуратурасида хабар қилади.

ЙҲХБ инспектори бу вазиятдан ҳам чиқиб кетиш йўлини тутиб, машина эгасидан аризасини қайтариб олишни сўрайди, эвазига ҳар ой ойлик маошидан 1 000 доллардан бериб бориб қарзини тўлашини ваъда қилади. Лекин бу гал ҳам Абдуллоҳ Неъматовнинг қўйни пуч ёнғоққа тўлган эди.

Сержант Бекзод Ғойибназаров бошқаларнинг ҳам ишончига кириб, пулини қўлга киритиб, бермай юргани маълум бўлди.

Формада съёмкага тушиб бераман, сотаверинг ука...”

Ходимнинг ҳийласига учган Абдуллоҳ Неъматов:

— Gentra машинам бор эди, Андижон вилоят ЙҲХБ ходими Бекзод Ғойибназаров 2025 йилнинг октябр ойида машинани менга сотасиз, деб қўярда қўймай илтимос қилди. Йўқ, сотмайман, десам ҳам, “ука, формада съёмкага тушиб бераман”, деб туриб олди. 8 500 АҚШ долларига савдони пишитдик. Келишилган пулни 20 декабр куни бериши керак эди.

Машинага ўтириб келишув ҳақида видео ҳам қилдик. Формасига ишониб машинани қандай қилиб сотиб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Gentra'ни кимгадир сотган экан. Уни сотиб олган одамнинг номига хужжатларни ҳам расмийлаштириб бердим.

Орадан 7 ой ўтибдики, пулдан ҳам, машинадан ҳам дарак йўқ. Бу ҳақда инспекцияга мурожаат қилдим, инспекция хизмат текширув олиб бориб, хужжатларни прокуратурага чиқарди. Иш прокуратурага чиққандан кейин Бекзод Ғойибназаров: “Аризангизни қайтариб олинг, ҳар ойнинг 25-санасида ойлигимдан 1 000 доллардан бераман, 8 ойда қутуламан қарзимдан”, деб илтимос қилди. Кўнглига қараб бу сафар ҳам хўп, дедим. Лекин у энди телефонимни ҳам кўтармай қўйди.