Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Ушбу ҳужжат билан «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 11та моддасига ўзгартиш киритилиб, 3та модда билан тўлдирилди. Адлия вазирлиги матбуот хизмати ушбу ўзгаришларни шарҳлаган.
Хусусан, оммавий ахборот воситаси деб Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар ҳам эътироф этилди. Оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган (бундан буён матнда чиқариладиган деб юритилади), қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари оммавий ахборот воситасидир.
Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, хориж тажрибаси ҳамда амалиётидан келиб чиққан ҳолда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаш мақсадида Қонуннинг 5-моддаси қуйидагича тўлдирилди: яъни, «...Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади».
Қонун 5-1-модда билан тўлдирилди. Хўш, бу ОАВга нима беради? Мазкур модданинг амалиётга жорий этилиши оммавий ахборот воситалари фаолиятини тадбиркорлик субъекти ва фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тартибга солишга қаратилган.
Бундай нормалар бир қатор хориж мамлакатлари қонунчилиги (Австрия, Кореа Республикаси, Россия Федерацияси, Озарбойжон, Молдова, Грузия ва бошқалар) ва ЕИ тавсияларида мавжуд.
Уларда ОАВни солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, давлат томонидан имтиёзли кредитлар бериш, тарифларни тушириш бўйича электрон ОАВга техник хизмат кўрсатиш, газеталар нашриётининг қарзларини камайтириш, шунингдек, таҳририятларга давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан тўғридан-тўғри субсидиялар бериш кўзда тутилган. Аксарият мамлакатлар қўллаб-қувватлашнинг ушбу шаклларидан тўлиқ фойдаланмайди, балки, маълум солиқлардан, алоҳида маҳсулотларни (газета қоғози) олиб киришда бож тўловларидан озод қилиш кабиларни амалда қўллаб келишади.












