Спорт | 13:32 / 20.04.2018
4295
3 дақиқада ўқилади

Собиқ велопойгачи Армстронг ҳукумат даъво иши судга етиб бормасидан 5 млн доллар тўлади

Фото: EPA /OLIVIER HOSLET

Америкалик собиқ велопойгачи Лэнс Армстронг уни фирибгарликда айблаган федерал ҳукумат даъвосини судгача тартибга солиш мақсадида 5 миллион доллар тўлашга рози бўлди. Бу ҳақида бош прокурор ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Чед Ридлер маълум қилди. 

"Ҳеч ким қонундан устун эмас, - дея таъкидлади у ўз баёнотида. - Билиб туриб организмнинг жисмоний ҳолатини яхшиловчи тақиқланган препаратларни истеъмол қилувчи спортчи нафақат ўз рақиблари ва мухлисларини, балки спорт мусобақаларини молиялаштирувчи ҳомийларни ҳам алдаётган бўлади". Ридлернинг сўзларига кўра, Армстронгга нисбатан илгари сурилган бу иш ва унинг охир-оқибат судга етмасидан тартибга солиниши - "ҳукуматни алдашга уринаётган кишиларнинг жавобгарликка жалб қилинишидан далолатдир".

АҚШ адлия вазирлигига кўра, Армстронг ўз хатти-ҳаракатлари билан US Postal - спортсменнинг жамоасига ҳомийлик қилувчи давлат почта компаниясига зарар етказган. Велопойгачи допинг истеъмол қилган ва бу ҳомийлик келишуви пунктларига зиддир. Армстронгга тахминан 100 миллион долларлик жарима солиниши кутилаётган эди, суд 7 майга белгиланганди.

Армстронгнинг адвокати таъкидлашича, Лэнс бунинг бари ортда қолганидан хурсанд. Спортчи 5 миллион доллардан ташқари жамоадаги собиқ шериги Флойд Лэндиснинг суд харажатларини қоплаш учун 1,65 миллион доллар тўлаши керак бўлади. У 2010 йилда Армстронгни допинг истеъмол қилишда айблаган ва ҳатто унга қарши даъво иши ҳам очган ва бу иш кейинчалик АҚШ ҳукумати даъвоси билан бирлаштирилган. 

2012 йилда Армстронг Америка аксилдопинг агентлиги (USADA) тергов натижалари бўйича тақиқланган препаратларни қўллаган деб топилган. У допинг истеъмолини тан олганидан кейин унинг 1998 йилдан бошлаб қўлга киритган барча натижалари (1999-2005 йиллардаги "Тур де Франс" ғалабалари ҳам) бекор қилинган ва у бутун умрга дисквалификация қилинган. Шунингдек спортчи 2015 йилда судда Million Dollar Race пойгасида ғалаба қозониш учун пора берганини тан олган. 

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид