Жамият | 22:00 / 21.04.2018
35369
3 дақиқада ўқилади

Сабр ўз сўзини айтди: Муроджон ака Туркиядан юриб қайтди

Хабарингиз бор, бир муддат аввал икки оёғидан ажраган Муроджон Саидмаҳмудов учун KUN.UZ таҳририяти хайрия акциясини уюштирган эди. Оёқларидаги оғриқ туфайли шифохонанинг неврология бўлимига ётқизилгач, шифокор унинг обдон текшириб томирларида қон қотиб қолганлигини, тезда оёқларни кесиб ташлаш кераклигини айтган эди.


Кесилган оёқлар билан зўрға кун кўраётган Муроджон акага зарур протез қўйиш учун маълум миқдорда маблағ талаб этилар эди. Ва ниҳоят кўпчиликнинг саховатпешалиги сабабчи бўлиб Муроджон акага етарли маблағ йиғилгач, у киши даволаниш учун Туркияга кетган эди. Мана, ёруғ ва қувончли хабар етиб келдики, Муроджон ака Туркия давлатида даволаниб, протез (сунъий оёқлар)га эга бўлиб қайтди.

«Аллоҳга шукур, Туркияга бориб даволаниб, протез қўйдириб қайтдим. У ерда менга Жасурбек ва Жавоҳирбек исмли ватандошлар мунтазам ёрдамлашиб турди. Бутун дунёдан ўзбекларимиз қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб туришди. Барака топишсин. Хайрияда менга маънавий ва моддий кўмак берган барча инсонларга раҳматимни айтаман. Аллоҳ рози бўлсин улардан», - деб қувончларини баҳам кўрди Муроджон ака.

Мурод ака хали оёққа туриб кетиши учун озроқ сабр қилиб, ҳаракат қилишда давом этиши керак. Дуода бўлиб турайлик, дўстлар. Лекин, шу ўринда бир жумлани айтишни лозим топдик. Мурод ака ҳали ҳануз ўша кулбаларида ҳаёт кечирмоқда.

Шундоқ хам ҳаёт қийинчиликларига бардош бераётган инсонга ўйлаймизки, уй-жой масаласида Тошкент шаҳар ва Тошкент (Зангиота) туман хокимликлари албатта қараб турмайди. Мурод акага бу масалада ўз амалий ёрдамини аяшмайди. 
Инсонларга яхшилик қилиш энг олий фазилат. KUN.UZ мазкур хайрия акциясида фаол иштирок этган барчага чуқур миннатдорчилик билдиради. Бир-биримизга яхшилик қилишдан ҳеч қачон тўхтамайлик. Аллоҳ барчамизни яхшилик қилишга қодир бандаларидан қилсин.
Мурод акани руҳий қўллаб-қувватлаш ёки уй-жой масаласида амалий ёрдам бериш ниятидаги кишилар, ҳокимлик вакиллари у кишининг ўзи билан боғланишлари мумкин: (+99894) 604-30-08

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид