Иқтисодиёт | 20:37 / 23.04.2018
6560
2 дақиқада ўқилади

Россиядан Марказий Осиё ва Европага пул ўтказмалари 21 фоизга ошган

Фото: Вести Экономика

Бутунжаҳон банкининг 23 апрель, душанба куни тарқатган ҳисоботида Россия Федерациясидан Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари ҳажми 21 фоизга ошганлиги қайд этилган.

Европа мамлакатлари ва Марказий Осиёга пул ўтказмалари ҳажми 21 фоизга ошиб, 48 миллиард долларни ташкил этган.

«Европа ва Марказий Осиё давлатларига пул ўтказмалари уч йиллик пасайишдан сўнг кескин ошиб кетган. Ошишига бош сабаб сифатида Еврозона, Россия ва Қозоғистондаги юқори иқтисодий ўсиш суръатлари ва ишга жойлашиш истиқболлари кўрсатилмоқда; шунингдек, АҚШ долларига нисбатан евро ва рубль қадрининг 2015 йилдаги 22 фоизлик пасайишдан сўнг юксала бошлагани ҳам», — дейилади ҳужжатда.

Мутахассисларнинг баҳолашларича, жорий йилда ушбу кўрсаткич яна 6 фоизга кўпаяди ва минтақада иқтисодий ўсиш барқарорлашуви натижасида 51 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Россиядан МДҲ давлатларига 12 миллиард 906 миллион АҚШ доллари миқдорида пул жўнатмалари ўтказилгани ҳақида илгарироқ хабар берган эдик. Ўзбекистон маблағлар пул ўтказиш тизимлари орқали ўтказиладиган мамлакатлар ичра етакчи — ўтган йили мамлакатимизга Россиядан қарийб 4 миллиард доллар пул жўнатишган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид