Ўзбекистон | 22:00 / 23.04.2018
19894
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон раҳбари «Толибон» билан музокаралар ўтказишни таклиф қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов республика ҳудудида БМТ шафеълигида Афғонистон муаммоси бўйича мулоқот ўтказиш учун майдон ажратишга тайёр. Бу ҳақда Туркманистон раҳбари Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралардан кейинги чиқиши вақтида айтиб ўтди.

«Туркманистон бетараф давлат сифатида Афғонистон муаммосини ҳал этишга қаратилган, БМТ шафеълиги остидаги мулоқот учун сиёсий майдон тақдим  этишга тайёр», деган Бердимуҳамедов.

Ўзбекистонга ташрифи доирасида Туркманистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашув вақтида Афғонистон масаласига алоҳида тўхталди. У минтақада иқтисодий интеграция ва иқтисодий жараёнлар учун тинчлик муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтган.

Туркманистон раҳбари «Туркманистон-Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон» (ТАПИ) трансмиллий газ қувури лойиҳаси, «Туркманистон – Афғонистон – Покистон«» электр узатиш ва оптик-толали алоқа линиялари ҳамда «Серхетабат – Тургунди» темир йўли қурилиши аҳамияти»ни қайд этиб ўтган.

Февраль ойи охирида «Кобул жараёни» халқаро конференциясида Афғонистон президенти Ашраф Ғани чиқиш қилиб, толибонлар билан ҳеч қандай шартларсиз музокаралар бошлаш ташаббусини билдирганди. У «Толибон» ҳаракати қонуний тарзда сиёсий куч сифатида Кобулда ўз ваколатхонасига эга бўлиши мумкинлигини билдирганди.

Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларда Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон қаторида Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам иштирок этади.

Аммо «Толибон» таклифларни рад этган, бундан ташқари, толибонлар шу йилнинг октябрига белгиланган парламент сайловларида иштирок этишдан бош тортишган. Улар мамлакатда минглаб хорижлик ҳарбийлар борлиги ҳолатида эркин сайловлар ўтказиб бўлмайди деб ҳисоблашмоқда.

Мавзуга оид