Жамият | 19:07 / 24.04.2018
28129
5 дақиқада ўқилади

​Сергели “Ярмаркаси” бузилиш ишлари нега қарорда кўрсатилганидек амалга оширилмай келмоқда?

Kun.uz сайтига сўнгги пайтларда бозорлар ҳудуди ва ундаги муаммолар бўйича жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Лекин мазкур ўрганилган мурожаат умуман ўзгача тарзда. Муаммо маркази бу сафар Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳисобланади.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 15 март санасида «Ер майдонида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида»ги №430  сонли қарори чиқарилган. Қарорга кўра, Сергели тумани, Янги Сергели кўчаси бўйида жойлашган юридик ва жисмоний шахсларга тегишли нотурар жой биноларни бузилиши ҳисобига ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб боришга рухсат берилган. Қарорга эътиборимизни қаратадиган бўлсак, унинг 3-қисмида нотурар жой бинолари бузилишга тушган юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарар турини ва миқдорини қоплаш бўйича белгиланган тартибда тегишли комиссия хулосаси олиниши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Ваколатли комиссия хулосаси олинганидан сўнг, бузилиш ишлари амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Белгиланган тартиб-қоида бўйича бузилиш ишлари ҳақида аввало жисмоний ва юридик шахсларга огоҳлантириш берилиши керак эди. Чунки, жисмоний ва юридик шахслар ҳудудида мавжуд бўлган товар ёки моддий қийматга эга бўлган ашёлари, маҳсулотларини ташиб олиши учун вақт керак. Қарорга эътирозимиз йўқ. Бироқ, огоҳлантириш масаласи бўйича фуқаролар ҳеч қандай маълумот олишмаганини, бузилиш ишлари эса усиз ҳам бошлаб юборилганини тасдиқлашди. Сергели туман ҳокимлиги вакиллари билан бўлган суҳбат чоғида эса улар огоҳлантириш хати берилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қила олмади.

Ҳокимият вакилларидан қарорда кўрсатилган ҳудудда бузилишга тушган нотурар жой биноларига етказилган зарар тури ва миқдори юзасидан ваколатли комиссия хулосасини сўраганимизда ҳам улар бундай ҳужжатни кўрсата олишмади. Ваҳоланки, шаҳар ҳокими қарорига кўра, ваколатли комиссия хулосаси олинганидан сўнг, бузилиш ишлари амалга оширилиши белгилаб ўтилган.

Қарорнинг бешинчи бандида эса бузилишга тушган юридик ва жисмоний шахсларга компенсация тариқасида Сергели туманида савдо мажмуалари ва нотурар-жой объектларини жойлаштириш юзасидан ер майдони ажратиш ҳам кўрсатиб ўтилган. Лекин, ер майдони ажратилишидан дарак йўқ. Ўнлаб тадбиркор ва юзга яқин ишчиларнинг эса боши қотган. Нима қилишини, қаердан нажот келишини билмайди.

Бу ерда бузиш ишлари авжига чиқиши билан бошқа бир муаммолар ҳам пайдо бўлмоқда. Яъни, «Ярмарка» бозори бузилиши билан атрофда яшовчи юз минглаб фуқаролар бозорсиз қолмоқда. Улар бу вазиятдан жуда ҳам норози. Ахир халқ манфаати, розилиги ҳозирги сиёсатимиз асоси эмасми?!

Сергели-3 мавзеси аҳолиси ўзига керакли маҳсулотларни Сергели-6 мавзесига бориб сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Ҳудудда шаҳар инфраструктураси яхши йўлга қўйилмаганлиги сабабли транспорт муаммоси ҳам мавжуд. Сергели-6 мавзесида жойлашган бозорга ўтиш учун ерости йўли мавжуд эмас, пиёдалар ўтиш жойи эса профессионал даражада тартибга солинмаган. Куни билан йўл тирбандликка эга.

Тадбиркорлар ҳам, атрофдаги аҳоли ҳам давлат тасарруфига ўтказилаётган ҳудудни нима мақсадда олинганлиги билан қизиқишди. Ҳокимият вакиллари шундоқ ҳам кўп қаватли уйлар кўп бўлган ҳудудга кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилаётганлигини айтишди. Атрофда яшовчи халқ вакиллари эса замонавий ва белгиланган стандартларга жавоб берадиган маркетлар ёки бозор қурилишини хоҳлайди. 

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, ижро ҳокимияти органлари қарорда нима кўрсатилса, шуларни босқичма-босқич амалга оширса ҳеч ким қақшаб қолмайди. Янги иш ўрни яратаётган тадбиркорлар улуғланаётган давлатда, уларнинг манфаати ҳисобга олинмасдан уларга тўсиқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ деб ўйлаймиз. Шу билан бирга ҳудуд аҳолиси хоҳишлари ҳам инобатга олинса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Иккала тараф рози-ризолиги олиниб, сиёсат юритилса,  ҳеч ким зарар кўрмайди. Халқ рози бўлади, давлат янада ривожланади. Ахир ислоҳотлар марказида инсон омили ётади-ку!

Мавзуга оид