Ўзбекистон | 23:14 / 25.04.2018
8912
3 дақиқада ўқилади

Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматига энг кўп пул тўламаётган ҳудудлар - Қорақалпоғистон ва Қашқадарё

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан «Тоза ҳудуд» корхоналаридаги махсус техникаларни бошқа йўналиш ва ишларга жалб этиш ҳолатлари сўнгги пайтда кўплаб учрамоқда. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ойбек Адҳамжоновнинг таъкидлашича, шу оқибатда, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадваллари бузилмоқда, аҳоли томонидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда, «Тоза ҳудуд» корхоналари харажатлари ошиб кетмоқда.

25 апрел куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ташкил этилган матбуот анжуманида соҳада эришилган ютуқлар, камчилик ва вазифалар ҳақида сўз борди. Хусусан, 1970–1990-йилларда республиканинг айрим ҳудудларида ташкил этилган маиший чиқинди полигонларининг аксарияти замон талабларига жавоб бермай қолгани ҳақида айтиларкан, ушбу полигонларни тартибга келтириш ишлари суст олиб борилаётгани ҳам билдирилди.

«​Айниқса, маиший чиқинди полигонларининг фаолиятини санитар-гигиеник талаблар асосида ташкил этиш, полигонлардаги мавжуд ва кунлик чиқиндиларни тартибга келтириш ишлари учун махсус техникалар етишмайди. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларини тўла йўлга қўйиш борасида аҳоли билан шартномаларни тузиш ва тўловларни ундириш бўйича қийинчиликлар юзага келмоқда. Кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ундириш кўрсаткичи 52 фоизни (Қорақалпоғистон Республикасида - 22 %, Қашқадарё вилоятида - 32 %, Фарғона вилоятида - 40 %, Наманган вилоятида - 38 %, Самарқанд вилоятида - 45 %, Хоразм вилоятида - 46 %, Андижон вилоятида - 48 %) ташкил этиб, 14 млрд. сўмлик дебитор қарздорлик вужудга келган. Бу эса, ўз навбатида, «Тоза ҳудуд» корхоналарининг молиявий-хўжалик фаолиятига салбий таъсир этмоқда. Мазкур масалада маҳаллий ҳокимликлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан етарли даражада амалий ёрдам берилмаяпти»​, дейди раис биринчи ўринбосари.

Тадбирда мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича Қўмита томонидан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Маълум қилинишича, қўмита томонидан 16 мингдан зиёд атроф-муҳитни ифлослантирувчи манба мониторинг қилинди. Бунда меъёрлардан ортиқ атроф-муҳитни ифлослантирувчи 694 манба аниқланди ва қарийб 1,5 млрд сўм миқдорида тўлов ва жарималар белгиланган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун талабларини бузганлик учун 15,1 минг нафар мансабдор шахс ва фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилгани ва 2 245 та объектга нисбатан даъволар тақдим этилгани эътироф этилди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид