Технология | 19:44 / 26.04.2018
8553
13 дақиқада ўқилади

Facebook қай ҳолатда постларни ўчиради: ижтимоий тармоқ илк марта қоидаларни ошкор этди

Facebook ўз фойдаланувчиларига илк марта ижтимоий тармоқда эълон қилинган матнлар, фотосуратлар ва расмлар ёки видеоёзувлар ҳамжамият нормаларини бузиши ва ўчирилиши ҳамда қайси хатти-ҳаракатлар фойдаланувчиларни блокланишига сабаб бўлиши ҳақидаги ички қоидаларни ошкор этди, деб ёзади  RBK.

Ички стандартларни барчага ошкор этиш қарорини ижтимоий тармоқ раҳбарияти уни янада яхшироқ қилиш истаги билан тушунтиришди. Апелляция бериш имконияти эса йўл қўйилган хато-камчиликларни тўғрилашда ёрдам бериши керак. Бу ҳақда Facebook глобал сиёсат бўлинмаси раҳбари Моника Бикерт айтиб ўтган.

Фото: РИА "Новости"

Унинг сўзларига кўра, Facebook жамоаси сўз эркинлигини таъминлаш масалаларига турлича ёндашувни яхшироқ англаш, шу билан бирга вақти-вақти билан Facebook стандартларига ўзгартириш киритилишига сабаб бўлувчи хавфсизликни таъминлаш учун доимо турли мустақил экспертлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Бикерт хонимнинг таъкидлашича, бу ҳолда ижтимоий тармоқнинг бош принципларига асло ўзгартириш киритилмайди.

«Суҳбатни бошлар экан, одамлар уларга ҳеч нарса таҳдид солмаслигини билишлари керак. Гарчи кимларгадир ёқмаса ҳам Facebook инсонлар эркин фикр билдирадиган жой бўлиши керак. Сервисимизнинг глобал характеридан келиб чиқиб, албатта бу жуда мураккаб бўлади, мана нима учун холислик керак: биз изчиллик ва адолат билан стандартларимизни жамики жамоатлар ва маданиятлар учун қўллашга ҳаракат қилиб қилмоқдамиз», — дея тушунтирган Бикерт.

Бир вақтнинг ўзида, у тармоқда эълон қилинган хабарномаларни шикоятларга ажратувчи Facebook экспертлари (айни пайтда компанияда 7500 дан ортиқ бундай таҳлилчилар ишламоқда, бир йил ичида уларнинг сони 40 фоизга ошди) вақти-вақти билан хатоларга йўл қўйишаётганини ҳам инкор этмади. «Хатога йўл қўйиш инсонларга хос», — деди Бикерт.

Шу муносабат билан, унинг сўзларига қараганда, келгуси йил мобайнида Facebook постларни ўчиришга апелляция бериш тизимини йўлга қўйишни режалаштирган. Биринчи қадам сифатида яланғоч тана ёки шаҳвоний фаоллик тасвирланган фотосуратлар, нафрат ва нифоқ уруғи сочиш, тажовузкор матнлар ва зўравонлик саҳналари тасвири билан боғлиқ постларнинг ўчирилиши устидан шикоят қилиш имкониятининг пайдо бўлиши тилга олинмоқда.

«Бу қуйидагича ишлайди:агар сизнинг фотонгиз, видеонгиз ёки ёзувингиз ҳамжамият стандартлари бузилганлиги сабабли ўчирилган бўлса, сиз бу ҳақда огоҳлантириласиз ва қўшимча текширув ўтказиш ҳақида сўров юбориш имкониятига эга бўласиз. Шундан сўнг жамоамиз томонидан қоида тариқасида 24 соат ичида иш қайта кўриб чиқилади. Агар биз хатога йўл қўйган бўлсак, сизнинг ёзувларингиз, фото ёки видеонгиз тикланади», — дея тушунтирди Бикерт.

Унинг сўзларига кўра, ​Facebook апелляция бериш тизимини кенгайтиришга қўл ураётганининг сабаби — бошқа турдаги қоидабузарликлар учун берилган жазолар устидан шикоят қилиш, шунингдек, фойдаланувчиларга Facebook экспертларига тўғри қарорга келишга ёрдамлашадиган қўшимча маълумотларни бериш имконияти яратилиши керак.

«Бизнингча, бу жараёнда инсонларга овоз бериш ҳуқуқи адолатли тизим қурилишининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади», — дея таъкидлаган Бикерт.

 

Facebook’да нималар ҳақда ёзиш мумкин эмас?

Ижтимоий тармоқ томонидан эълон қилинган ҳужжатга кўра «ростакам» таҳдидлар, яъни «қандайдир инсон, инсонлар гуруҳи ёки жойларга нисбатан зўравонлик ишлатиш нияти ҳақидаги ростакам таъкидлар», шунингдек муайян шахслар ёки шахслар гуруҳига нисбатан зўравонлик ишлатиш, қурол тайёрлаш ёки ишлатиш бўйича йўриқномалар (агар мақсад инсонларни ўлдириш ёки уларга жабр етказиш бўлса), алоҳида таҳдид остидаги инсонларнинг шахсиятини ошкор этиш ва шу каби контентлар ўчирилади. Алоҳида таъкидланмоқдаки, «сайловлар натижасига кўра зўравонликни ният қилиш, зўравонликка ундаш ёки уни қўллаб-қувватлаш таъкидланган ҳар қандай контент» ўчирилиши белгиланган.

Ҳужжатда таъкидланишича, инсонлар кўпинча ўз норозилигини таҳдидлар ёки зўравонликка чақириш воситасида ҳазил ёки жиддий ният қилмаган шаклда изҳор этишини Facebook’дагилар тушунади, шу сабабли таҳлилчилар ҳар бир муаяйн ҳолатда тасодифий баёнотларни «жамоат хавфсизлиги ёки алоҳида инсонларнинг хавфсизлигига реал таҳдид солишдан иборат бўлган» контентдан формулировка, контекст ва бошқа омилларни ҳисобга олиб ажратишни эътиборга олишади.

Фото: РИА "Новости"

Қоидаларнинг бошқа пункти Facebook’да террорчилик ташкилотлари ва террорчилар, серияли ва оммавий қотиллар, шунингдек жиноий ташкилотлар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини улуғлаган ҳар қандай контент (матн, фото, тасвир ва ҳ.к.)​ни эълон қилишни тақиқлайди.

Фойдаланувчининг ўзи (ёки унинг шериклари) томонидан турли жиноятлар (аввало, зўравонлик ишлатиш билан боғлиқ бўлган) ни содир этганликда иқрор бўлиш ҳам тақиқ остида. Facebook’дагиларнинг фикрича, бундай эълонлар уларга таассуб қилувчилар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Афтидан, айнан шу сабаб билан ўз жонига қасд қилиш ва ўзига ўзи шикаст етказиш ҳақида ҳар қандай материал (жумладан, йўриқномалар) ҳам тақиқланади.

Facebook’да шунингдек реал инсонлар, ҳайвонларга нисбатан зўравонлик тасвирларини эълон муаллифининг бошқаларнинг азобидан ҳузурланишни тасвирлаб берувчи ва зўравонликни ижобий характерловчи изоҳлари ва шарҳлари билан эълон қилиш тақиқланган. Агар видеода бўлакланган тана аъзолари (тиббий мақсадлар истисно этилганда), ошкора кўриниб турган ички аъзолар, ёниб кетган ёки ёнаётган инсонлар ва каннибализм қурбонлари тасвирланган бўлса ўлаётган, жароҳатланган ёки ўлган инсонларга оид видеоёзувларга нисбатан қатъий тақиқ жорий этилган.

Яланғочлик ҳам тақиқ остида

Фотосуратлар ва бошқа тасвирларда боланинг яланғоч баданини жойлаштириш қатъий тақиқланган. «Биз биламизки, одамлар баъзан ўз фарзандларининг яланғоч суратларини яхши ниятларда жойлашади, лекин умумий ҳолатда биз биз бундай суратлардан ёмон мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш, бу суратларни бошқа инсонлар ўзлаштириб олишига монелик қилиш учун уларни ўчирамиз», — дейилади ҳужжатда.

Ҳужжатга мувофиқ Facebook’да жойлаштирилган бола сурати ўчирилади, агар 3-4 ёшли қизалоқларнинг кўкраги кўриниб турган бўлса, қўймичи ва сонлари йирик планда туширилган бўлса, шунингдек жинсий аъзолари кўриниб турган бўлса (ҳаттоки улар ёпилган ёки шаффоф кийим билан маскировка қилинган бўлса ҳам). Бундан ташқари, вояга етмаганлар билан шаҳвоний характердаги қандайдир хатти-ҳаракатлар иштирок этган ёки «вояга етмаганлар шаҳвоний контекстда» бўлган ҳар қандай контент (жумладан матнлар ҳам) ни эълон қилиш тақиқланади.

Фото: Reuters

Катталар ҳақида сўз борар экан, Facebook «уларда иштирок этган инсонларнинг розилигисиз эълон қилинган интим тасвирлар»ни, жинсий алоқанинг яққол тасвири, ёпилмаган жинсий аъзолар ва аёлларнинг яланғоч сийнаси (кўкрак сути билан эмизиш, айрим тиббий масалалар ва норозилик актлари истисно этилганда) тасвирларини, шунингдек «розилик бермаган шахсларга ёки тижорий шаҳвоний хизматлар вакилларига нисбатан шаҳвоний характердаги хатти-ҳаракатларни тасвирловчи, ҳимоя қилувчи ва тартибга солувчи» ҳар қандай контентни ўчиради.

«Яланғоч тана ва шаҳвоний характердаги хатти-ҳаракатларга нисбатан чекловлар рақамли усул билан яратилган контентга ҳам жорий этилади, улар таълим, юмористик ёки сатира мақсадларида эълон қилинса бундан мустасно», —дейилади Facebook стандартларида.

 

Таъқиб қилишга — йўқ!

Ижтимоий тармоқ таҳқирлаш ва таъқиб қилишнинг ҳар қандай шаклларига — жоиз бўлмаган тасвирлар (шу жумладан, шаҳвоний характердаги) дан тортиб инсон қадр-қийматини пасайтириш ва таҳдид қилишга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратади. Таҳқирлаш деганда, Facebook хусусан «мазкур маданиятда интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан паст тоифали жонзот ҳисобланувчи» ҳайвонларга менгзаш, ташқи кўринишни таҳқиромуз тасвирлаш, фоторедакторда «айрим жисмоний жиҳатларни» (камситиш мақсадида) бўрттириб кўрсатиш мақсадида ўзгартирилган фотосуратларни эълон қилиш ва ҳ.к. тушунилади.

«​Биз муаяйн шахсларни камситиш ва шарманда қилиш мақсадида жойлаштирилган контентни ўчирамиз. Биз таъқиб қилиш,айниқса, ўсмирлар учун катта хавф туғдиришидан хабардормиз, шу сабабли бизнинг сиёсатимиз вояга етмаганларни онлайн-камситилишга мойилроқ ва заиф тоифа сифатида уларни ҳимоялашнинг кучайтирилган чораларини тақозо этади», — дейилади ҳужжатда.

Вояга етмаганлар ҳақида гап борар экан, Facebook уларга йўналтирилган ҳар қандай контентни агар уларнинг таркибида хусусан, «ташқи кўриниш ҳақида салбий мулоҳазалар», ўлим, жиддий касаллик ёки шикаст тилаш, жиноят ёки ҳуқуқбузарликка оид хатти-ҳаракатда айблаш, сексуал ориентацияси ҳақида таъкидлаш ёки шунчаки оддий сўкишувлар бўлса ўчиришни ваъда қилмоқда.

Бундан ташқари, формал жиҳатдан ҳеч қандай қоидани бузмаётган бўлса ҳам вояга етмаган боланинг фотосурати агар унинг ўзи (13 ёшга тўлган бўлса) ёки ота-онаси ҳамда васийси (бола 13 ёшга тўлмаган бўлса) шикоят қилса олиб ташланиши мумкин.

Бу ҳолатда ҳужжатда Facebook’нинг таъқиб қилиш борасидаги сиёсати машҳурлар ва янгиликлар ва катта аудитория олдида чиқиб турган бошқа инсонларга нисбатан жорий этилмаслиги таъкидланади, чунки ижтимоий тармоқ бундай инсонларни танқидий муҳокама қилишни назарда тутувчи «жамоат мунозараси» имконияти сақланиб қолишини истайди.

«Лекин машҳур шахсларни муҳокама этиш ҳамжамиятимиз меъёрларига мос келиши лозим, шу сабабли бундай контентлар бизнинг бошқа қоидаларимиз, хусусан дискриминацион фикрлар ва ҳақиқатнамо таҳдидларга йўғрилган бўлса, ундай контентларни ҳам ўчирамиз», — дея таъкидлашмоқда қоидани ишлаб чиққанлар.

У ёки бу инсонни таъқиб қилиш ҳақида гап борганда Facebook машҳурлар учун истисно қилмайди.Facebook фойдаланувчисига унинг ким бўлиши — шоу-бизнес юлдузи, сиёсатчи ёки оддий фуқаро бўлишидан қатъи назар, унинг истакларига терс ўлароқ шилқимлик қилишни ижтимоий тармоқ тақиқлайди. Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқ «одамнинг бундай алоқаларни бас қилишга яққол истаги бўлган ҳолда унга бир неча марта боғланиш»ни, шунингдек, мунозара қатнашчиларидан бирининг манзилига қўрқитиш, жим туришга мажбурлаш ва ҳ.к. мақсадда таҳдид уюштиришни тақиқлайди.

Фото: AP

Ирқий, гендер, этник, диний принциплар (шунингдек, инсонда у ёки бу касаллик мавжудлиги ёки сексуал ориентация юзасидан) адоватли фикрлар ва бошқа «нафратга йўғрилган оғзаки ва ёзма фикрлар»ни Facebook алоҳида тақиқлайди ва бундай фикрлар сирасига инсонларни иккинчи навга, ҳайвонларга, балчиққа, бактерияга, касаллик ва нажосатга менгзаш, шунингдек, жисмоний («юзсиз», «бадбашара» ва ҳ.к.), ақлий («норасо», «нодон», «анқов», «бефаҳм», «тентак» ва ҳ.к.) ёки аҳлоқий («фоҳиша», «фирибгар» ва ҳ.к.) заифлигини кўрсатиш, ёки жирканиш ва ҳазар қилишни билдирувчи фикрлар киришини таъкидлайди.

Шахсий маълумот ҳимоя остида!

Ҳужжатда Facebook’нинг фундаментал қадриятлари сифатида махфийлик ва шахсий маълумотларни ҳимоялаш кўрсатиб ўтилган. Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқ, хусусан, бошқа инсонларнинг шахсий маълумотлари (жумладан, автомобилларининг давлат қайд этиш белгилари, давлат намунасидаги шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари, турли рақамли идентификаторлар, пароллар ва ҳ.к.лар) ни эълон қилишни, шунингдек банк ҳисоб рақами ва банк картаси ҳақидаги маълумотлар, шахсий телефон рақамлари ва электрон почтаси, чатлар ҳамда хабарномалар алмашиш тизимларидаги идентификаторлари ва тасдиқланган маълумотлар ёки эълон муаллифининг сўзларига кўра, бузиб кирилган манбадан олинган ҳар қандай контентни ошкор этишни тақиқлайди. Сўнгги тақиқ ҳам оддий фуқароларни, ҳам машҳурларни ҳимоя қилади, бироқ ҳужжатда «ёритилишга лойиқ деб топилган чекланган ҳолатлар»да истисно қилиниши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Шунингдек, тижорий спам тарқатиш, ўзини қайсидир компания, ташкилот, машҳур инсон ёки шахс деб танитиш мақсадида сохта аккаунтлар яратиш (шунингдек, бошқа инсонларга тегишли аккаунтларидан ноқонуний фойдаланиш)ҳам тақиқланган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид