08:31 / 26.04.2018
11514

Украина Донбассдаги можаро бошланганидан бери юзлаб ҳарбийлар ўз жонига қасд қилганини билдирди

Фото: РИА Новости

Украина бош ҳарбий прокурори Анатолий Матиоснинг маълум қилишича, мамлакат шарқида 2014 йилда ҳарбий тўқнашувлардан бошланганидан бери 554 ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилди, яна 3,8 минг киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда у фейсбукда ёзган.

«Террорчиликка қарши амалиёт (ТҚА) бошланганидан бери қарийб 326 минг киши жанговар ҳаракатлар иштирокчиси мақомини олди. Улардан 8 489 нафари яраланди ва турли жароҳатлар олди, 3 784 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Шу билан бирга, ТҚА ўтказилиши вақтида камида 554 киши ўз жонига қасд қилди (01.04.2018 ҳолатига кўра расмий статистика)», - дея ёзган Матиос.

Унинг таъкидлашича, Украина томони 2018 йилда ҳарбий амалиёт иштирокчилари учун психологик реабилитация, ижтимоий ва профессионал мослашиш бўйича тадбирларга 109 млн гривна ажратди. Бироқ, Матиоснинг сўзларига кўра, ушбу пуллар белгиланган мақсадларга сарфланмаслиги мумкин, сабаби Украина Ижтимоий сиёсат вазирлиги тегишли норматив ҳужжатларни қабул қилмади.

Унинг таъкидлашича, мамлакатга ҳарбийлар руҳий ҳолати билан шуғулланиши мумкин бўлган мутахассислар етишмаяпти: унинг маълумотларига кўра, Украинада амалиёт тажрибасига эга 300дан бироз кўпроқ ҳарбий психолог бор.

«Шу тариқа, пуллар давлат ҳисобида турибди, ҳарбийлар ва ҳарбий хизматдан бўшатилганларнинг психологик реабилитацияси бўйича хизматлар эса фақат маҳаллий ўзини ўзи бошқари органлари, кўнгилли ташкилотлар ташаббуси билан ёки ҳарбий хизматчиларнинг госпиталда даволаниши вақтидагина тақдим этилмоқда», - дея хулоса қилган Матиос.
 

Top