Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Таълим муассасаларида ўтказилаётган тиббий кўрикларга доир нохолис ахборотларга раддия берилди
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзи тарғиботи, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Аммо айрим хориж интернет нашрларида ушбу тиббий кўриклар хусусида нохолис ахборотлар тарқатилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати ноаниқ манбалардан олинган ва турлича талқин этилаётган ахборотларга ойдинлик киритди.
Жорий йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан “Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида”ги қўшма қарори имзоланди.
Унга кўра, мамлакатимизда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган бирламчи профилактика ишларига беш ташкилот масъул этиб белгиланди. Ушбу ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
"Ҳозирда мамлакатимиздаги кўплаб таълим муассасаларида ҳудудий оилавий поликлиникаларнинг тор соҳа мутахассислари, “Саломатлик мактаблари” аъзолари иштирокида тиббий кўриклар, саломатлик соатлари ўтказилмоқда, — дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситхонова. — Бундан кўзланган мақсад, мактаб ўқувчилари соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликлар профилактикасини эрта ташкил этиш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришдир. Ушбу тадбирларда, айрим хорижий интернет нашрлари талқин этганидек, фақат қизлар гинеколог кўригидан ўтказилаётгани йўқ. Бунга тиббиётнинг ўнга яқин тор соҳа вакиллари, хусусан, офтальмолог, стоматолог, хирург, невропатолог, эндокринолог, оториноларинголог, болалар гинекологи, УТТ мутахассиси каби шифокорлар жалб этилмоқда. Кўрикларда нафақат қизлар, балки ўқувчи ўғил болалар ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур ҳолларда диспансер назоратига олинмоқда.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, ҳозирда оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида ўсмир қизлар ва фертил ёшидаги аёллар учун «аёллар маслаҳатхоналари»ни ташкил этиш борасида ишлар изчил олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёллар саломатлигига боғлиқ. Бугун мактаб ўқувчиси бўлган йигит-қизлар саломатлигига қилинган бефарқлик эса миллат генофонди, келажак авлод саломатлигига қилинган эътиборсизликдир. Шу боис мактаблардаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда".
Мавзуга оид
10:15 / 15.06.2026
Россия чет эл фуқаролари учун тиббий кўрик қоидаларини кучайтирди
15:39 / 12.03.2026
Педагоглар учун ҳар йиллик мажбурий тиббий кўрик жорий этилиши мумкин
23:26 / 10.02.2026
Россияда тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган мигрантлар учун жарима 12,5 баравар оширилади
14:43 / 23.12.2025