Ўзбекистон | 23:16 / 28.04.2018
21251
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекконцерт”: халқ имтиҳонидан ўтган санъаткоргина лицензия олади

Фото: "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси матбуот хизмати

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида турли соҳалар қатори санъат ва маданият йўналишида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлмоқда. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади.

Масалан, Ўзбекистондаги машҳур санъаткорлардан иборат ижодий жамоаларнинг мамлакат чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли учун концерт-шоулар уюштириши, совғалар бериши ва одамлар кайфиятини кўтариши каби тадбирлар бугунги давр сиёсати билан уйғун тарзда ўтказилмоқда.

- “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси айни кунларда яна бир ана шундай кенг кўламли ишга қўл урмоқда, - деди муассаса раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров KUN.UZ’га. Яъни, муассасадан қўшиқчилик соҳасида фаолият юритиш учун лицензия олмоқчи бўлган ёшлар, аввало, ўз малакаларини ошириш учун республиканинг истироҳат боғлари бор шаҳар ва туманларига ташриф буюриб, концерт берса, халқ имтиҳонидан ўтса, боғда жонли айтиб одамлар кўнглини олса, лицензияни қўлга киритади.

Аввало, бу тадбир ёш санъаткорни фаолияти бошиданоқ халқ билан бирга бўлиши, улар олдида чиқиб тажриба тўплашига сабаб бўлса, иккинчидан унда санъатга бўлган масъулиятни ошишига туртки бўлади.

Мавзуга оид