Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чорвадорлар учун халқаро илмий-амалий ўқув семинари ўз ишини бошлади
Халқ банки ва Республика «Насл-хизмат» чорвачиликда наслчилик уюшмаси билан ҳамкорликда банк вакиллари, Германия, Голландия ҳамда Украина давлатларидан келган чорвачилик соҳасидаги етакчи компанияларнинг мутахассислари, фермер ва чорвадорлар ҳамда журналистлар иштирокида халқаро ўқув семинари бошланди. Бу ҳақда Халқ банки Ахборот хизмати хабар бермоқда.
— Ўзбекистон бизнинг узоқ йиллик ҳамкоримиз, — деди Германиянинг ZVE-Zuсhtvieh Export GmbH компанияси тижорат директори Виктор Берч. — Бу сафар ёлғиз эмас, ҳамкасбларим ва бошқа мутахассислар билан келдим. Мақсадимиз — Ўзбекистонда наслдор чорва молларини кўпайтириш, бозорларни сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиш.
Ўқув семинарда Голландиянинг Trouw Nutrition компаниясининг мутахассислари Игорь Детко ва Артур Свирид, шунингдек, халқаро мустақил Ветеринар шифокор Коган Ярослав маъруза қилди.
— Қишлоқ хўжалигининг муҳим бўғини саналган мазкур тармоқни ривожлантириш мақсадида юртимизга Россия, Украина, Европа давлатларидан ўтган 2 йил давомида 20 254 бош наслли қорамол ҳамда 3 632 бош жун ва сут йўналишидаги эчки олиб келинди, — деди Халқ банки кредит департаменти бошқарма бошлиғи Бекзод Сарманов. — Ушбу чорва молларини олиб келиш учун 241,5 миллиард сўм миқдорида маблағлар йўналтирилди. Пировардида 4500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида Халқ банки томонидан чорвачилик йўналишидаги 1 600 та лойиҳага 202,5 млрд.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шундан хорижий мамлакатлардан 80,1 млрд.сўмлик 5 075 бош наслдор қорамол олиб келиниб, наслчилик хўжаликларга тарқатилди.
Масалан, Халқ банк кўмагида Қизилтепа туманидаги «Янги аср» фермер хўжалигида 396 бош, Косон туманидаги «Истиқлол» ишлаб чиқариш савдо ташкилотига 311 бош наслли қорамол олиб келиниб, парваришланмоқда. Сурхондарё вилоятида чорвачиликни ривожлантириш бўйича яна 37 та кичик лойиҳаларга 9,9 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Натижада 200 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Қизириқ туманидаги «Тожинор Шўрчи» фермер хўжалигига2 000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплексини ташкил этиш учун 11,5 млрд. сўм кредит маблағи йўналтирилди. Хўжалик раҳбари ушбу маблағнинг 4,8 млрд. сўмини чорва комплексини қуришга, 2,2млрд. сўмини сутни қайта ишлаш технологиялари ва қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш учун, 4,5 млрд. сўмини 198 бош наслли қорамоллар сотиб олишга йўналтирди.Шунингдек, Халқ банки томонидан чорвачиликни ривожлантириш мақсадида вилоятдаги «Рахмон тараққиёт» фермер хўжалигига ҳамда «Бунёдкор Янгиариқ» МЧЖларга 2,5 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
Мазкур банкнинг молиявий кўмагида «Ўзнаслчилик» корхонасига 2017 йилда Германиядан 62 бош “Голштин”, “Англер”, “Симментал” ва “Швиц” зотли наслли буқалар олиб келиниб, корхонадаги наслли буқалар сони 132 бошга етказилди. Шунингдек, «Қайқубоднаслчорва» МЧЖ негизида ташкил қилинган Фарғона филиалига Германия давлатидан 26 бош наслли буқалар ҳамда Украина давлатидан сунъий уруғлантириш лабораторияси учун зарур дастгоҳлар олиб келинди. Банк томонидан бу ишларга 4,5 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди.
Ушбу халқаро ўқув семинари жойларда ҳам давом этади. Жумладан, эртага Самарқанд шаҳрида, 3 май куни Урганч туманида, 5 май куни эса Андижон туманида бўлиб ўтади. Ушбу семинарларда республикамизнинг барча ҳудудларидан фермерлар ва тадбиркорлар иштирок этиши ва малакаларини ошириши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
21:09 / 12.05.2026
Ўзбекистонда қорамоллар сонини 16,5 миллионга етказиш вазифаси қўйилди
19:05 / 12.05.2026
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди
21:49 / 25.03.2026
“Оқсил билан стоматитнинг фарқига боришмаяпти” – водийда қорамоллар касалланиши ҳақида
13:48 / 10.12.2025