Маълумки, яқин йилларда аҳоли сони ўсиши ва ички истеъмол талаби ортиши фонида гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, келгуси йилда чет элдан 100 минг бош қорамол ва 200 минг бош қўй-эчки олиб кирилади. Пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларга эса ўз ерларида чорвачиликни йўлга қўйиш учун 20 сотихгача майдонда енгил конструкцияли бинолар қуришга рухсат берилади.

Импорт қилинган наслдор қорамол ва бир кунлик жўжа учун субсидия ажратиш тартиби яна 5 йилга узайтирилади. Чорвачилик лойиҳалари учун келгуси йил Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ресурслари ҳисобидан 157 миллион доллар йўналтирилиши белгиланган. Ушбу маблағлар чорвадорларга 10 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан, 17 фоизли ставкада берилади.

Бундан ташқари, JICA'дан 150 миллион доллар ва Осиё тараққиёт банкидан 60 миллион доллар жалб этилади. Бу ресурслардан самарали фойдаланиш орқали келгуси йилда 5 триллион сўмлик 1 мингта чорвачилик лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.

Шунингдек, Франция тажрибаси асосида мамлакатнинг 167 та туманида 50–60 бошли 340 та кичик гўшт ва сут йўналишидаги чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар ички бозорни сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, шу орқали аҳоли озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланмоқда.