20:37 / 01.05.2018
10053

"Ўзбекистонда ўзимизни эртаклар оламида юргандек ҳис қилдик" - Питер Блазер

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Халқаро аэронавтика ассоциацияси вакиллари иштирокида якуний учрашув ўтказилди. Тадбирни қўмита раиси ўринбосари Шоҳрух Шарахметов очиб берди ва меҳмонларга Ўзбекистонда аэростатлар парвозларини ривожлантиришда давомли тадбирларда қатнишишни анъанага айлантиришни таклиф қилди.

Маълумки, апрель ойида Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва Бойсун шаҳарларида Халқаро аэронавтика ассоциацияси делегацияси вакиллари иштирокида  аэростатлар парвозлари амалга оширилди.

Питер Блазер бошчилигидаги Швейцария делегацияси вакиллари KUN.UZ мухбирига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат ва аэростатлар парвози томошаларидан олган таассуротлари ҳақида сўзлаб беришди.

"Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Бойсун шаҳарларида бўлдик. Ҳар бир шаҳар ўзига хос тарих ва гўзалликка эга эканига ишонч ҳосил қилдик. Тасаввурларимизни сўз билан ифодалаш қийин - ҳаммаси жуда зўр ўтди. Биз ўзимизни эртаклар оламида юргандек ҳис қилдик. Ўзбек халқининг очиқкўнгиллилиги ва меҳмондўстлиги эса алоҳида таҳсинга сазовор. Бизни ҳамма ерда қучоқ очиб кутиб олишди. Мазмунли саёҳат ва ҳамкорлик учун барчангизга ташаккур", - дейди Халқаро аэронавтика ассоциацияси раиси Питер Блазер.

"Ўзбекистон шаҳарлари, одамлари, табиати менда унутилмас таассурот қолдирди. Биз турмуш ўртоғим билан "Бойсун баҳори" фестивалида иштирок этдик. Фестиваль жуда ажойиб ва қизиқарли ўтди. У ерда меҳмон уйларида бўлдик - одамларнинг қандай яшаши, қандай таом тайёрлаши ва умуман турмуш тарзи билан танишдик ва бу бизда унутилмас таассуротлар қолдирди. Энг асосийси, биз ҳар бир ўзбекнинг кўзида чексиз меҳр-оқибатни кўрдик ва бу бизни жуда таъсирлантирди", - дейди Швейцария делегацияси аъзоси Регина Блазер. У шунингдек насиб қилса Ўзбекистонга яна келиши ва келганда ҳам узоқроқ қоладиган бўлиб келишни ният қилганини қўшимча қилди.

Учрашувда шунингдек Ўзбекистон аэронавтика федерацияси раиси Тоҳир Солиев, Давлат авианазорат бошқармаси бошлиғи Тоҳир Назаров, Ўзбекистон Республикаси ягона ҳаво кенглиги бошқарув тизими маркази бошлиғи Жамшид Абдураҳмоновлар иштирок этишди. Давлат авианазорат бошқармаси бошлиғи Тоҳир Назаров швейцариялик меҳмонларга келгуси йилларда Ўзбекистонга яна ташриф буюришни ва фестивалларда тез-тез иштирок этишни таклиф қилди.

Top