Спорт | 19:39 / 02.05.2018
10310
3 дақиқада ўқилади

"Бирга ютиб, бирга ютқазамиз". "Бавария" футболчилари Улрайхни қўллаб-қувватлашди

“Бавария” посбони кечаги ўйинда қилган қўпол хатоси учун ижтимоий тармоқларда жамоадошлари ва мухлислардан узр сўради. Айнан шу пост тагида фикр қолдирган “Бавария” футболчилари эса, дарвозабонни қўллаб қувватлагани таҳсинга лойиқ. 

“Мусобақадан чиқиб кетганимиздан қанчалик хафа эканимни сўз билан ифода этиб бера олмайман.  Биз финалга чиқишни жуда истагандик ва бунинг учун қўлдан келганини қилишга уриндик.

Кейин эса, мудҳиш хато рўй берди. Мен буни тушунтириб бера олмайман. Кечиринглар...

Жамоа ва мухлислардан узр сўрайман” – деб ёзди Свен Улрайх инстаграмдаги саҳифасида. 

Кейин эса, жамоа аъзолари дарвозабонни юпатишга ҳаракат қилишди:

“Бошингни эгма, биз бир жамоамиз” – деб ёзди Хамес Родригес. 

“Бошингни кўтар, биз бирга ютамиз ва бирга ютқазамиз” – деди Жером Боатенг.

“Уле, сен кўп бор бизни қутқариб қолгансан” – деди Хави Мартинес.

Эслатиб ўтамиз, кеча Мадридда ўтган “Реал” ва “Бавария” ўртасидаги ярим финал жавоб ўйинининг 2-тайм бошларида, ҳисоб 1:1 бўлиб турган пайтда, “Бавария” футболчилари ҳимояда қаттиқ прессингга дуч келишди. Ярим ҳимоячи Толиссо тўпни ерлатиб дарвозабонга узатиб берди. Тўпни тепиб юбориш ва ушлаб олиш орасида иккиланган Улрайх ҳушёрликни йўқотиб, тўпни ўтказиб юборди ва рақиб ҳужумчиси Карим Бензема мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Кейинчалик, Хамес ҳисобни тенглаштирган бўлса-да, бу умумий ғалабага етмади. 

“Бавария” футболчилари бир қатор қулай вазиятлардан фойдалана олмаганликлари, шунингдек, учрашув ҳакамнинг мезбонлар фойдасига адашиши қайсидир маънода дарвозабоннинг хатосини унуттира олди. Зеро бир қатор собиқ футболчилар, жумладан, “Бавария”нинг афсонавий дарвозабони Оливер Кан, жамоа мураббийи Юпп Хайнкесслар ҳам бу вазият учун дарвозабонни қўллаб қувватлаб, чиқишлар қилишди. 

Шундай бўлса-да, Свен Улрайхнинг кечаги натижа учун ўзини айблаши ва хатонинг масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши таҳсинга лойиқдир.

Мавзуга оид