Жаҳон | 19:06 / 02.05.2018
9450
1 дақиқада ўқилади

Ливияда фожиа: террорчилар МСКга ҳужум қилди, қурбонлар кўп

Фото: libyaobserver.ly

Ливияда Миллий сайлов комиссиясининг Триполидаги бош қароргоҳига қуролли ҳужум оқибатида 16 киши қурбон бўлди, 19 инсон жароҳат олди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар тарқатди.

Sky News Arabia телеканали томонидан аввалроқ тарқатилган хабарларда қурбонлар сони 11 киши бўлгани айтилган.

Чоршанба куни эрталаб қуролланган жангарилар гуруҳи сайлов комиссияси қароргоҳига ҳужум қилди, улар орасида икки нафар худкуш ҳам бўлган. Бу вақтда МСКда сайловчиларни рўйхатга олиш давом этаётган эди. Бино ичида иккита портловчи қурилма ҳаракатга келтирилди. Бундан ташқари, бино ичкаридан ёқиб юборилгани айтилмоқда. Хавфсизлик кучлари ҳужум қилганлар билан отишмага киришган.

Айни дамда бино жангарилардан озод этилган, у ерда ўт ўчирувчилар ва полиция ишламоқда. Икки қаватли бино бутунлай ёниб кетган.

Маълумот учун, Ливияда президентлик сайловларини ўтказишга тайёргарлик бошланди, у 2018 йил охирида бўлиб ўтиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид