Жамият | 21:35 / 03.05.2018
16076
2 дақиқада ўқилади

Шахсни ўзбошимчалик билан жазолаш мумкинми?

Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинаётган шахсни ўзбошимчалик билан жазолаш тасвири туширилган видеолавҳалар кўпайиб қолди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Зафар Мустафоқуловнинг айтишича, бундай ҳаракатларга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

«Конституциямизнинг 19-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир. Шахсни ушбу эркинликлардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ошкора кўриб чиқилиб, айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди», дейди у.

Зафар Мустафоқуловнинг фикрича, ушлаш бошқа, айблаш бошқа. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 39-моддасида таъкидланганидек, махсус ваколатли шахслар билан бир қаторда жабрланувчи ва бошқа фуқаролар ҳам хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига эга.

«Бироқ, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида эмас, ўзбошимчалик билан жазолаш учун ушлаш - шахсга қасддан зарар етказиш - қонунга хилоф ҳаракат ҳисобланади», дейди Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи.

Маълумот учун, ўзбошимчалик билан шахсни жазоламоқчи бўлган кишига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган жазолар тайинланиши мумкин.

Мавзуга оид