Жамият | 19:33 / 04.05.2018
27070
2 дақиқада ўқилади

Қория талаба қиз Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб берди

Тошкент Ислом институти/Фото: wikipedia

Жорий йилнинг 4 май куни Тошкент Ислом институти 1-“З” курс талабаси Фотима Абдуллаева​ ўттиз пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб берди. Бу ҳақда институт сайтида хабар берилган.

Маълум қилинишича, Фотима​ Абдуллаева эрталаб соат 5дан кейин Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, Аср намозида якунлади. Тошкент Ислом институтининг ўқитувчиси Исломхон домла Убайдуллаев ҳатми Қуръон дуосини қилиб берди. Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда талаба қизлар кузатиб боришган.

Хабарда айтилишича, Фотима Абдуллаева 2017 йил сентябрь ойида 1 курсга ўқишга кириб, устози Зафар қори Маҳмудовга Қуръони каримни кунига 1 жуздан ёдлаб топширишни бошлаганди. Қарийб 8 ой мобайнида Каламуллоҳни тўлиқ ёд олиб, мана бугун бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ўқиб топширишга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Тошкент Ислом институти тарихида аёл-қизлар ўртасида илк бор Гулруҳ Кенжабек Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 16 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берганди. Шунингдек, Гулруҳ Кенжабек 2014 йил ўтказилган Республика Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши ғолибаси ҳисобланади.

Мавзуга оид