«Айни вақтда биз радикализм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларига, турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қаршимиз. Жумладан, яқинда Швецияда содир этилган, муқаддас Қуръони каримни ёқиб юборишдек ёвуз ҳаракатларни кескин қоралаймиз», - деди президентликка номзод.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дин-у диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Қурбон ҳайитининг илк кунида Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳридаги масжидлардан бирининг олдида келиб чиқиши ироқлик бўлган Салван Момика Қуръон нусхасига олов қўйган ва уни тепган эди. Аксилисломий акция ўтказилаётган чоғда унга полициядан қўриқчи ҳам тайинланган.