Ўзбекистон | 16:40 / 04.05.2018
4470
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон парламенти Ўзбекистон билан инвестициялар бўйича битимни ратификация қилди

Фото: nm.tj

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим бугун, 4 май куни Тожикистон парламенти қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида ратификация қилинди.

Ушбу ҳужжат шу йилнинг 9 мартида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега давлат ташрифи чоғида имзоланди.

Тожикистон Республикасининг Инвестиция ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Фаррух Ҳамролизода имзоланган ҳужжатга биноан, ҳар бир томон бошқа томоннинг инвесторларини ўз ҳудудига инвестиция қилишини рағбатлантириши ва ўз қонунчилигига мувофиқ улар учун қулай шарт-шароитлар яратишни ўз зиммасига олиши ҳақида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ҳар бир томон ўз қонунларига мувофиқ бошқа томон инвесторларининг инвестицияларини тўлиқ ва мутлақ ҳуқуқий ҳимоя қилишни кафолатлайди.

«Бундан ташқари, имзоланган битим билан икки мамлакат инвесторларининг маблағларини бепул ўтказилиши кафолатланади», - деди Ҳамролизода. 

Унинг қўшимча қилишича, битим 10 йил давомида қонуний кучга эга ва ушбу муддат тугагандан сўнг белгиланган тартибда унинг амал қилиши муддати яна 10 йилга узайтирилиши мумкин.

Шунингдек, бугун Тожикистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари Тожикистон ҳукумати билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида даромадлар ва капиталга солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш ва икки томонлама солиққа тортишни бартараф этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди.

Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзоданинг сўзларига кўра, ҳужжат даромадлар ва мол-мулкни икки томонлама солиққа тортишни бартараф этишга қаратилган.

Мавзуга оид