Иқтисодиёт | 11:55
496
2 дақиқада ўқилади

Наманганда “чемпион” тадбиркорлар ва йирик инвестиция лойиҳалари қўллаб-қувватланади

Наманган вилоятида 2026–2027 йилларда иқтисодий фаолликни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу президентнинг “2026 йилда Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қарорга мувофиқ, вилоятда 20 нафар “чемпион” тадбиркор танлаб олиниб, улар иштирокида меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга оширилади.

Жумладан, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан ҳамкорликда корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларини мақбуллаштириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва рақобатбардошликни оширишга хизмат қилувчи Lean Six Sigma дастури жорий этилади.

Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Кичик бизнесга маслаҳат” дастури доирасида тадбиркорларга консалтинг хизматлари кўрсатиш ҳамда арзон молиявий ресурсларни жалб қилиш бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган.

Туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида Наманган шаҳридаги Шарқ тонги маҳалласи ҳудудида жойлашган Самарқанд ва Кўзагарлик кўчалари миллий меъморчилик ва ҳунармандчилик анъаналарини замонавий сервис билан уйғунлаштирган “Эски шаҳар” туризм мажмуасига айлантирилади.

Қарор билан кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2027-2028 ўқув йилидан Янгиқўрғон тумани 2-сонли техникуми ва Чортоқ тумани 1-сонли техникумида Австриянинг Кремс амалий фанлар университети билан ҳамкорликда хизмат кўрсатиш ва туризм соҳалари учун Европа стандартлари асосида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Мазкур техникумларнинг икки йиллик касбий таълим дастурлари давлат гранти асосида амалга оширилади. Битирувчиларга эса давлат намунасидаги диплом берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид