Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда уруғчиликни ривожлантириш маркази иш бошлади
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини бошлади.
Вазирлик ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, марказ қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан ғўза ва бошоқли дон экинларининг уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш билан шуғулланади. Маҳаллий ва хорижий селекция навлари, биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш ҳам марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Бундан ташқари, тармоқ корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича норматив талабларни халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ушбу марказ уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-экспериментал тадқиқотларни олиб боришга, тармоқ корхоналарининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Яна бир муҳим жиҳати, уруғчилик бўйича халқаро ва миллий органлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғларни экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологияларни, ушбу соҳадаги ноу-хауларни жорий этиш йўлга қўйилади.
Уруғчиликни ривожлантириш марказининг илк ишчи йиғилишида Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Умаров қатнашиб, марказ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Уруғчиликни ривожлантириш маркази ҳудудий бошқармалари раҳбарлари билан кечган суҳбат чоғида ҳудудлардаги соҳа бўйича муаммолар ва уларни ечиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.