Жаҳон | 22:29 / 06.05.2018
20962
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг энг бой бизнесменларининг янги рейтинги тузилди 

Фото: prostoinvesticii.com

Қозоғистоннинг 2018 йилдаги 50 нафар энг бой бизнесмени маълум қилинди. Ҳар йилги рейтинг Forbes Kazakhstan журнали томондан чоп этилди. Нашр маълумотларига кўра, жорий йилда Қозоғистоннинг энг йирик бизнесменларининг умумий бойлиги 26 млрд доллардан ошган. Таққослаш учун, 2012 йилда уларнинг умумий бойлиги 24 млрд долларга етмаган, 2016 йилда эса 21,7 млрд долларга тушиб кетган.     

Жорий рейтингда 19 иштирокчи ўз позициясини яхшилаб олган, 20 иштирокчиники ёмонлашган, 5 иштирокчи аввалги йилги позицияларини сақлаб қолган. Бундан ташқари, рейтингга 5 нафар янги ном киритилган.

Рейтингнинг энг юқори поғонасини 3,4 млрд доллар билан 57 ёшли тадбиркор, “Холдинг Казахмис” президенти Владимир Ким эгалламоқда. 2- ва 3-ўринларни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара Кулибаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаевлар эгалламоқда. Уларнинг бойлиги 3,1 млрд долларга баҳоланган. 4-ўринни 2,6 млрд доллар билан “КарТел” ва “Sky Mobile” телекоммуникация операторлари эгаси Булат Утемуратов, 5-ўринни 2,3 млрд доллар билан, “Eurasian National Resources Corporation” компаниясига Фаттоҳ Шодиев билан бирга эгалик қилувчи Алижон Ибрагимов эгалламоқда.

Кейинги 4 нафар энг бой тадбиркор банк секторида фаолият юритади, улар: Рашит Сарсенов (735 млн доллар), Даурен Жаксибек (700 млн доллар), Кенес Ракишев (691 млн доллар), Бахитбек Байсеитов (571 млн доллар). Етакчи ўнталикни “Астана Групп” эгаси Нурлан Смагулов 450 млн доллар билан якунламоқда. 

Мавзуга оид