Фан-техника | 20:52 / 07.05.2018
4323
2 дақиқада ўқилади

MIT ҳайдовчисиз автомобилларнинг 3D-харитасиз ҳаракати учун тизим ишлаб чиқди

Массачусетс технологиялар институти ва Toyota мутахассислари ҳайдовчисиз автомобилларга узоқ йўлларда Google ва бошқа йирик компаниялар томонидан фойдаланилувчи 3D-хариталарсиз ҳаракатланиш имконини берувчи тизим тақдим этди.

MapLite тизими автопилотни 3D-харитадан фойдаланмаган ҳолда йўлни тўғри топишга ўргатиши лозим. У жой ҳақидаги маълумотни GPS ёрдамида олади ва бу маълумотни «локал» нуқталар орқали йўналиш якуний пунктини қидириш учун қўллайди.

Автомобиль ички датчиклар ёрдамида бу нуқталар ўртасида йўналишларни тузади, лидар эса унга йўл четидан чиқмасликка ёрдам беради. Чорраҳалар ёки бошқа йўл қисмларидаги ҳаракат учун универсал параметрик моделлар жавоб беради.

Синов вақтида MapLite, лидар ва датчиклар билан жиҳозланган Toyota Prius автомобили Массачусетс штатидаги Девенсе йўлларида муваффиқиятли ҳаракатланди. Машина ўз олдидаги йўлни 30,5 метрлик масофада «кўрган».

MapLite ҳайдовчисиз автомобиллар учун янада кўпроқ йўлларни очишга ёрдам беради, бироқ олдинда ҳали иш кўп, дея тан олишган MIT’дан. Ҳозирча тизим фақат текис йўллардаги ҳаракатга мослаштирилган – у ҳали тоғ йўллари билан ишлашга ўрганиб олиши керак.

 

Мавзуга оид