Жамият | 23:11 / 07.05.2018
23077
4 дақиқада ўқилади

Нима учун Тошкентда дарахтлар аёвсиз кесиб ташланмоқда?

Sreda.uz нашрида Наталия Шулепина исмли фуқаро Тошкент шаҳрида бир неча ўн йиллик соғлом дарахтларнинг “ҳе йўқ, бе йўқ” аёвсиз кесиб ташланаётганидан куюниб ўз фикрларини билдирган.

Фото: Sreda.uz

Аёлнинг айтишича, бирор жойда дарахт кесилаётганда бефарқ бўлмаган одамлар бунинг олдини олиш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бўлинмаларига қўнғироқ қилиб, воқеа жойига келишларини сўрашса, қўмита вакиллари етиб келишади.

“Бироқ, улар келгунча “қабиҳ иш” эҳтимол амалга ошиб бўлади. Экологлар бир неча киши, шаҳар эса катта. Яна масофа, дегандек. Улар келгунча маълум вақт ўтади. Бироқ ички ишлар идоралари ходимлари бисёр-ку. Бироқ улар куппа-кундуз куни халққа тегишли бойликнинг талон-тарож қилинишини жимгина кузатиб туришади”, деб куюниб ёзмоқда аёл.

Фото: Sreda.uz

“Чинорлар, эманлар, шумтоллар кеча қандай кесилган бўлса, бугун ва эртага ҳам Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида шундай кесилаверади, бироқ улар бизники, халқники-ку. Улар бирор туман ёки шаҳар ҳокимига тегишли эмас. Дарахт кесувчиларнинг барчаси дарахтлар айнан ҳокимларнинг буйруғи билан кесилаётганини важ қилишади. 3 май куни Ўрдада ҳам шундай бўлди. Амалдорлар ҳақиқатан рухсат берганми ёки йўқми? Ҳудудий инспекция ходимлари келишганда эса дарахт кесувчиларнинг каттаси “ҳужжат бўлмаса нима қипти, чинорлар чириб ётибди-ку”, деб бефарқлик билдирган”, деб давом эттиради сўзларини аёл. 

Фото: Sreda.uz

Аёлнинг айтишича, кесилган дарахтлар мўмайгина пулга пулланади. 

“Мен жиноят жойида бўлганимда, қотиб қолдим. “Сквер”дан кейин бундай ҳолатга яна йўл қўйиб бўладими? Интернетда экологлар келиши учун қаерга қўнғироқ қилиш, халқдан ўғирланган дарахтларни олиб чиқиб кетувчи машиналар рақамларини қандай суратга олиш бўйича талайгина маслаҳатларни учратасиз. Агар маҳаллий маъмурият бунга жимгина қараб турса, балки ҳақиқатан ҳам улар бундан улуш оларлар. Халқ орасида шундай гап юради. Йиллар ўтибдики, бундай бедодликка ҳеч қандай чоралар кўрилмаяпти. Агар хоҳиш бўлса, дарахтларнинг кесилиши муаммосини бир зумда ҳал қилса бўлади. Ўрдадаги ҳолатда эса Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ёшгина ходимлари биринчи марта “жангга кираётгандек” таассурот қолдирдилар. Уларда ўзларига ишонч йўқдек, “ҳоким”, “чириган дарахтлар”, “қўшни дўкондаги йигитлар илтимос қилишгани” ҳақидаги чўпчакларни тинглаб туравердилар”, дейди аёл.

Фото: Sreda.uz

Аёлнинг давом эттиришича, табиатни муҳофаза қилиш ва ички ишлар идоралари ходимлари гўёки турли давлатларда яшаётгандек таассурот уйғотадилар. Уларнинг иккисининг ҳам вазифаси – ҳимоя қилишдир. Бироқ халқ мулки бўлган дарахтларни ҳимоялаш борасида ҳеч келиша олмайдилар.

Фото: Sreda.uz

Аёл ўз сўзлари давомида Facebook’да 2 май куни Бош прокуратура ёнида дарахтлар кесилгани ҳақидаги хабарни келтириб ўтган. 

“Кеча кўп йиллик эманнинг кесиб ташланишининг олдини олдим, қаерда деб ўйлайсиз? Фанлар академияси ҳудудида, хорижий давлатлар элчихоналари қуршовида, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси биносидан шундоқ 50 метр нарироқда! Шундай жойда дарахт кесиш учун қанчалик сурбет бўлиш керак? Ёки ҳеч ким эътибор бермайди, ҳаммага фарқи йўқ, деб, бемалол ишларини қилаверадиларми? Экологлар дарахт кесувчиларга баённома тузишди. Бироқ бундан олдин улар дарахтни “яхшигина” шикастлашга улгурдилар, Афсус, эртароқ кўрмабман-да”. 

Фото: Sreda.uz

Аёл ўз сўзлари интиҳосида ўзбекистонликларда экологик онг ва кураш руҳини тарбиялаш жуда қимматга тушаётганини айтган.

Мавзуга оид