Жамият | 22:49 / 08.05.2018
26919
3 дақиқада ўқилади

Мажбурий меҳнат: мансабдор шахсга жазо бор!

Сўнгги пайтларда мажбурий меҳнат масаласи кундан-кунга долзарблашиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” видеоблогида Мажбурий меҳнат масалаларига оид нормалар тушунтирилиб ўтилди. Унда шундай дейилади: “Конституциямизнинг 37-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.”

Мажбурий меҳнат нима ва у қандай кўринишларга эга?

Мажбурий меҳнат – бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Яъни ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва ҳоказо таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас.

Қуйидаги ишлар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:

  • ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосидаги ишлар;
  • фавқулодда ҳолат юз берган шароитлардаги ишлар;
  • суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан қўлланадиган ишлар;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.

Демак, юқоридаги кўрсатилган ҳоллардан ташқари ходимни зўрлаш, ёки қўрқитиш, жазо қўллаш, меҳнат фаолияти ва рағбатлантиришни чеклаш каби усуллар орқали бевосита  мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар кандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат деб топилади. Ҳодимларни уларнинг ихтиёрисиз ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ва қурилиш ишларига, шунингдек, турли тадбирларга жалб қилиш кабилар ҳам мажбурий меҳнатнинг кўринишлари деб баҳоланади.

Фото: АСН

Мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган шахс қаерга мурожаат этиши керак? 

Мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган шахс Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг  Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат ҳуқуқ меҳнат инспекторларига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари мумкин.

Мажбурий меҳнатга жалб этган шахсга қандай жазо бор?

Иш берувчи ёки бирор мансабдор шахснинг фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиши маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланган. Мансабдор шахсларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилишда, хуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб Жиноят кодексининг 205-, 206-моддаларига кўра жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини таъкидлаб ўтиш муҳим ҳисобланади. Адлия вазирлиги мажбурий меҳнатга қарши курашишда барчани фаолликка чақиради!

Мавзуга оид