Жамият | 19:17 / 08.05.2018
4907
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэкспертиза» ўз телеграм-ботини ишга туширди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекэкспертиза» акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий товар номенклатураси асосида излаш дастури ва экспорт-импорт соҳаси вакиллари учун керакли маълумотларни ўз ичига олган Телеграм-бот йўлга қўйилди. Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

“Биз замонавий технологиялар орқали мақсадли аудиториямиз билан ишлаш жараёнларини такомиллаштирмоқдамиз. Телеграм-бот экспорт ва импорт учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини енгиллаштиради. Мазкур бот бор-йўғи икки клик орқали товар номенклатураси асосида маҳсулот классификациясини топиш, шунингдек «Ўзбекэкспертиза» АЖ фаолияти ва хизматлари ҳақида керакли маълумот олиш имконини беради”, - дея таъкидлайди акциядорлик жамияти бош директори Улуғбек Абдуғаниев.

Ушбу Телеграм-бот ёрдамида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари қуйидаги имкониятларга эга бўлишлари мумкин:

  • Товар номенклатураси кодлари ва номларини излаш учун керакли вақтни қисқартириш;
  • «Ўзбекэкспертиза» АЖ вакилларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш;
  • «Ўзбекэкспертиза» АЖ хизматларига онлайн-аризалардан фойдаланиш.

Мазкур ботдан фойдаланиш учун Телеграм мессенжери излаш қаторида  @uzbekexpertiza_bot номини киритиш ва ботни “Start” буйруғи орқали ишга тушириш кифоя.

 

Мавзуга оид