Фан-техника | 23:04 / 09.05.2018
9004
2 дақиқада ўқилади

Google қўл ишораси билан бошқарилувчи Android P тизимини тақдим қилди

Фото: The Verge

Google компанияси 2018 йил кузида чиқариладиган Android P операцион тизимининг бета-талқинини намойиш қилди. Унда бир қатор янгиликлар қўлланиши кутилмоқда.

Смартфондан фойдаланишни назорат қилиш

Android P тизимида қурилмадан фойдаланиш ҳақидаги маълумотлар панели пайдо бўлади. Унда фойдаланувчи турли иловалар учун кунига қанчалик вақт сарфлаши, қанча миқдорда хабар олиши ва бошқа маълумотлар акс этади. Google фикрига кўра, бу бирор нарсани ўтказиб юборишдан қўрқиб, телефонни ҳар доим қўлда ушлаб юриш одатини тарк этишга ёрдам беради.

Қўл ишораси билан бошқариш

Android P тизимида iPhone X каби, қўл ишораси билан бошқариш имконияти пайдо бўлади. Асосий экранда учта кнопка ўрнига биттаси қолади. У бошқариш учун ишлатилади. «Орқага қайтиш» кнопкаси фақат меню ва иловаларда пайдо бўлади.

 

«Уйга» кнопкаси орқали ишлатиладиган ишоралар рўйхати:

Босиш — асосий экранга қайтиш.
Узоқ вақт босиш — Google Assistant иловасини ишга тушириш.
Юқорига қисқа свайп — сўнгги очилган иловаларга ўтиш. 
Юқорига узун свайп — иловалар рўйхатини ишга тушириш.
Ўнг томонга свайп — яқинда ишлатилган иловалар рўйхати, аввал у алоҳида кнопка ёрдамида очилган.

Фото: The Verge

Фойдаланувчига адаптация бўлиш

Android P фойдаланувчининг ҳаракатларидан келиб чиқиб, телефонни созлаш хусусиятига эга бўлади. Масалан, фойдаланувчи экран ёруғлигини қандай созлагани ва иловалардан қандай фойдаланаётганини таҳлил қилиб, аккумуляторнинг ҳолатини назорат қилиб боради. У фойдаланувчи ишлатмайдиган иловаларни ўчириб қўйиши ва ёруғликни оптимал даражага келтириши мумкин.

Google хабарига кўра, Android P қуйидаги смартфонларда пайдо бўлади: Google Pixel, Google Pixel 2, Sony Xperia XZ2, Xiaomi Mi Mix 2S, Nokia 7 Plus, Oppo R15 Pro, Vivo X21, OnePlus 6, Essential PH-1.

Мавзуга оид