Ўзбекистон | 21:02 / 13.05.2018
13277
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонлик жаҳонгашталар Ўзбекистонга етиб келишди

Асли Бомбей шаҳрида  яшовчи ҳиндистонлик Ашок Кумар анча йиллардан буён оила аъзолари билан Марказий Осиёдаги Самарқанд, Тошкент ва Фарғона водийсига саёҳат қилишни орзу қиларди. Сабаби, уларнинг ҳаётида таниш бўлган Бобурийлар сулоласининг тарихи бу ҳудудлар билан боғланган.

Фото: Adventures Overland

Шундай қилиб, Кумарлар сайёҳлик дастурларига жиддий қизиқа бошлашди. Дўстларининг таклифи билан Манипур штатининг маркази Импҳал шаҳридан “Лондонга йўл” дастури орқали Буюк Британиягача йўл-йўлакай барча тарихий шаҳарларда тўхташ ғояси Ашокни қизиқтириб қўйди.

Бу дастурга улар орзу қилган Марказий Осиё шаҳарларига ташрифлар киритилганди. Шу қизиқиш билан Кумарлар оиласи Road to London 2018 дастурига қўшилиб олишди.

Фото: Adventures Overland

Road to London 2018 ўзи қандай дастур ҳисобланади?

Бу дастур автомашиналар орқали дунёнинг деярли ярим қисмини босиб ўтишга мўлжалланган саёҳат ҳисобланади.

•  Масофа: 16000 км;

•  Бориладиган давлатлар сони: 18 та;

•  Дастур давомийлиги: 49 кун;

•  Иштирокчилар сони: 27 нафар

12 май куни Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси бир гуруҳ ватандош саёҳатчиларни пойтахтимизда кутиб олди. Саёҳатчилар шарафига Тошкент шаҳридаги Le Grande Plaza меҳмонхонасида бадиий кеча уюштирилди. Тадбирда ОАВ вакиллари, шунингдек, Kun.uz таҳририяти ҳам меҳмон бўлди.

Фото: Adventures Overland

Ашок Кумар билан суҳбатимизда, улар куни кеча Фарғона водийсининг ширин меваларидан баҳраманд бўлганлигини эслашди. Уларнинг кейинги манзили эса  “Сайқали рўйи замин” – Самарқанд.

Мавзуга оид