23:00 / 14.05.2018
29285

Самарқандда янги ташкил этилган институтга ректор тайинланди

Самарқанд ветеринария медицинаси институтига Худайназар Бекназарович Юнусов янги ректор этиб тайинланди. Уни институтнинг ректори этиб тайинлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов томонидан имзоланган.

Худайназар Юнусов 1958 йилда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида туғилган, шу пайтгача Россиядаги Москва вилояти давлат университети химия-биология факультети декани вазифасида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Худойназар Юнусов биология фанлари доктори, профессор ҳисобланади. 

Бироз аввалроқ президент қарори билан Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти негизида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилганди.

Институтда ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун янги замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрланади.

2018/2019 ўқув йилида институт магистратура босқичига (50 киши) Ўзбекистон фуқароларини қабул қилиш тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.

Институтнинг бакалавриат босқичига қабул квотаси 800 киши, шу жумладан, тўлов-контракт асосида 525 киши, давлат гранти асосида 275 киши этиб белгиланди.

Top