21:10 / 15.05.2018
5860

АКТ вазири «Корея Телеком» вице-президентини қабул қилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев 15 май куни «Корея Телеком» корпорацияси вице-президенти жаноб Ли Бек Хи билан учрашди.

Фото:mitc.uz

Учрашувда томонлар истиқболда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг бошқа йўналишларида ҳам икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилдилар.

Хусусан, Корея томони Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқлари ва ахборот технологиялари, жумладан интернетга симсиз уланиш хизматларини жорий қилиш юзасидан узоқ муддатли ҳамкорликни амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.

Фото:mitc.uz

Ҳар икки томон ҳамкорликни чуқурлаштириш ва биргаликда лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирди.

«Корея Телеком» (КТ Corporation) корпорациясига 1981 йилда асос солинган. Бугунги кунда корпорациясининг йиллик айланма маблағи 18 млрд долларни ташкил қилади. «Корея Телеком» айни пайтда Осиёдаги йирик телекоммуникация операторларидан бири ҳисобланади. Маҳаллий, шаҳарлараро ҳамда халқаро алоқа ва маълумот узатиш хизматларини кўрсатувчи компания Корея Республикасидаги телекоммуникация тармоқлари ва маълумотлар алмашиш секторининг асосий қисмига эгалик қилади.

Top