Жамият | 00:33 / 15.05.2018
11129
3 дақиқада ўқилади

Ҳовлисида 156 туп наша етиштирган одамга 10,5 йил қамоқ жазоси тайинланди

Фото: Fotolia

Инсон ҳаётга бир марта келади. Бу умрни ҳалол меҳнатга, яхшиликка, эзгу ишларга сарф қилиш умуминсоний қадрият ҳисобланади. Лекин яшаш учун берилган умрни мутлақо бекорчи ишларга, кайф-у сафога бағишловчилар ҳам йўқ эмас. Ўзи-ку майли, лекин жиноят орқасидан даромад орттиришни, бошқаларга ҳам оғу сотишни мақсад қилган бўлса-чи?

2017 йил 15 август куни Самарқанд туман Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган «Қорадори–2017» махсус тадбири давомида Фахриддин Раҳимов Самарқанд туманидаги ўзи истиқомат қилиб келаётган уйининг ҳовлисидаги иссиқхонада жами 156 туп каннабис (наша) гиёҳвандлик экинларини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келганлиги аниқланди.

Экспертиза хулосасига кўра, Ф.Раҳимовнинг томорқасидан ашёвий далил тариқасида олинган 156 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигининг соф вазни қарийб 49 килограмм эканлиги, қуруқ ҳолдаги соф оғирлиги 19 килограммга тенг эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Гарчи Ф.Раҳимов ушбу гиёҳвандлик моддаларини ўз истеъмоли учун етиштираётганини таъкидлаган бўлса-да, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда бошлаган жиноятини охирига етказа олмади, аммо у кўп миқдордаги каннабис ва марихуана гиёҳвандлик моддаларини қонунга хилоф равишда сотишга қасд қилганлиги аниқ. Инчунин, бир кишининг ўзгинаси бунча оғуни чекиб ташлаши учун йиллар керак бўлади.

Судланувчининг суд мажлисида баён қилишича, катта ўғли Россия Федерациясидан қайтиб келиб, иссиқхонада етиштирилаётган гиёҳвандлик моддаларини кўриб жаҳлланган, ўғлига «уларни юлиб ташлайман», деб ваъда берган. Эртаси куни соат 11 ларда қишлоқ узра вертолёт учиб ўтганида ҳам юлиб ташлашга улгурмасдан, уйига ички ишлар органлари ходимлари кириб келишган…

Судлов ҳайъати, судланувчи Ф.Раҳимовнинг ўз айбига қисман иқрор бўлиб, гиёҳвандлик воситасини сотиш нияти бўлмаганлиги ҳақидаги кўрсатувларига танқидий баҳо берди.Унинг дастлабки терговда ва суд мажлисида келтирган важларини жавобгарликдан қочиш учун ўйлаб топилган деб, дастлабки тергов даврида тўпланган далиллар, экспертиза хулосалари ва гувоҳларнинг дастлабки тергов ва суд даврида берган кўрсатувлари тўлиқ рад этилди.

Қилмиш-қидирмиш, дейдилар. Содир этилган жиноят учун суднинг қатъий ҳукми янгради — Фахриддин Раҳимов Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбдор деб топилди ва узил-кесил 10 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Боз устига, унга нисбатан жазони ўташ жойларида гиёҳвандликдан даволанишга тиббий йўсиндаги чора тайинланди, дейди Kun.uz’га Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман суди судьяси Д.Нуралиев.

Мавзуга оид