19:01 / 17.05.2018
5434

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида “Намунали ҳарбийлар оиласи” аниқланди

Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оила маданияти ва одобини шакллантириш, оилаларнинг ибратли жиҳатларини юзага чиқариш, ушбу даргоҳда камол топаётган фарзандлар тарбиясини тўғри йўлга қўйиш, санъатга ва маданий ишларга ҳавас уйғотиш мақсадида ҳар йили Мудофаа вазирлиги қўшинларида анъанавий равишда “Намунали ҳарбийлар оиласи” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

Куни кеча Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳарбий округ ва унга тенг бўлган бирлашмалари ҳамда олий ҳарбий таълим муассасалари миқёсида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Кўрик-танлов “Мустаҳкам оила – жамият таянчи” мавзусидаги таништирув, “Инсонга наф келтириш – олий бахт” мавзусидаги саҳна кўриниши ва  "Эркин ижод" номли шартлар асосида ташкил этилди. Танловда жами етти нафар ҳарбий хизматчилар оиласи иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Танловнинг якуний натижаларига кўра, сержант Фарҳоджон Ҳудойқуловнинг оиласи (Тошкент ҳарбий округидан) мутлақ ғолиб дея эътироф этилди. Иккинчи ўринни кичик сержант Бобомурод Нуратовнинг оиласи (Шарқий ҳарбий округидан) эгаллади. Учинчи ўрин капитан Ҳамиджон Очилдиев бошчилигидаги оилага (Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртидан) насиб этди.

Ғолибларга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом, фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Танловнинг фаол иштирокчи оилалари “Мухлислар меҳрини қозонган ҳарбий оила”, “Актёрлик маҳорати ривожланган ҳарбий оила”, “Энг аҳил ҳарбий оила”, “Энг қувноқ ва зукко фарзандлар оиласи” ҳамда “Энг маърифатпарвар оила” каби номинациялар бўйича тақдирланди.

 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, танловда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ижодий жамоаси томонидан концерт дастури тақдим этилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Top