Ўзбекистон | 21:12 / 18.05.2018
9491
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилояти ҳокими Украинанинг Суми вилояти раҳбари билан келишувга эришди 

Жорий йилнинг 17 май куни Украина Республикаси Суми вилояти давлат маъмурияти ва Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилояти икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка доир 15та банддан иборат Меморандум имзоланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилмоқда.  

Қашқадарё вилояти Миришкор туманида бўлиб ўтган учрашувда иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги доирасида томонлар ушбу Меморандумга асосан экспорт, импорт соҳасида ўз имкониятларини кўриб чиқиб савдо уйларини ва кичик саноат зоналарини очишга келишиб олишди. 

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг туманларида Украина томони билан туризм, спорт, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва техника, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, транспорт, савдо, экология ва табиий ресурслардан рационал тарзда фойдаланиш соҳасида шерикчилик асосида иш кўриш имкониятларини берувчи мазкур Меморандум ҳар икки томон учун ҳам самарали қулайликларни яратди.

Украина томонидан Суми вилояти давлат маъмурияти раҳбари Николай Алексеевич Клочко ва Ўзбекистон томонидан Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Шаропович Рўзиев икки давлат ўртасида 1998 йил 19 февралда имзоланган дўстлик ва ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда манфаатли ҳамкорлик ҳақидаги Шартнома доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда келгусида ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилиши мумкин бўлган ишлар ҳақида​ фикр билдириб ўтишди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид