Вазир ўринбосари: Ўзбекистонда маҳаллий нодавлат университетларини очилишига имконият яратишимиз зарур
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов Ўзбекистонда нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини бошлаш учун имконият зарурлигини таъкидламоқда. У бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.
«Бу масаланинг муҳимлигини қуйидаги Жаҳон банки маълумотлари асосида тайёрланган графикда кўриш мумкин. 1990 йилга нисбатан деярли барча давлатларда олий таълим билан қамров даражаси ошган, Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич пасайиб, ҳозирги вақтда 9% атрофида ташкил этади, яъни дунёда 117-ўрин. Бу эса Глобал инновацион индексдаги Ўзбекистоннинг ўрнига жуда салбий таъсир қилади.
Бундай ҳолатнинг (асосий) сабаби: аҳоли сони ошиб борган, лекин олий таълимга қабул квоталари ушбу давр давомида деярли ортмаган. Фақат янги очилган чет эл университетлари ҳисобидан қабул сони кўпайган.
Масаланинг муҳимлигини яна қуйидаги омиллар кўрсатади:
- Президентимиз томонидан жамиятимиз ривожида хусусий секторга кенг имконият яратиш устувор вазифа қилиб белгиланган экан, хусусий сектор нафақат бошланғич ва мактаб таълимида, балки олий таълимга ҳам кириб келишига имконият яратилиши керак;
- Дунёдаги энг юқори рейтингга эга университетлар айнан нодавлат университетларидир. Улар ўзининг обрўсини ошириш учун сифатли битирувчи чиқаришга ҳаракат қилади;
- Ўзбекистондаги хорижий университетлар филиалларининг ҳам кўпчилиги нодавлат университетлардир;
- Таълим сифатини назорат қилиш бўйича инспекция тузилиши ҳам бу йўналишда ўзига хос қадамдир, яъни «диплом сотиш» билан шуғулланадиган университетлар фаолиятига йўл қўйилмаслигини назорат қила олади;
- Нодавлат университетлар кўпайиши билан улар орасидаги рақобат кучайиши натижасида улар таълим сифатига алоҳида эътибор берадиган бўладилар;
- Нодавлат университетлари сифатни ошириш учун яхши ўқитувчиларни жалб қилишга ҳаракат қилишади, бу эса уларни маошлари ҳамда шароитларини яхшилашга ва ҳатто чет элда фаолият юритаётган юқори малакали профессорларимизни мамлакатимизга қайтаришга ҳам имконият яратади;
- Иш берувчилар ҳам бундан буёғига дипломдан кўра айнан номзоднинг билим ва кўникмаларига кўпроқ эътибор қаратишяпти, шунинг учун хусусий университетларга кирган талабалар ўзларини устида кўпроқ ишлашга ҳаракат қиладилар. Уларни ҳеч ким «мажбурлаб» ўқитиши шарт эмас баъзи давлат университетларидаги каби;
- Ўзбекистонда энг кўп ресурс бу айнан инсон ресурсидир, шунинг учун ушбу ресурсдан имкони борича яхшироқ фойдаланилса мамлакат иқтисодиёти янада яхшироқ ривожланади. Инсон ресурси кўпроқ қўшимча қиймат келтириши учун эса таълимни кучайтириш керак. Хусусий сектор эса давлат секторидан кўра доимо сифатлироқ ишлайди. Шунинг учун ҳам нодавлат университетлари очилишига имконият яратиш зарур;
- Маҳаллий тадбиркорлар орасида маҳаллий нодавлат университети очишга сармоя киритиш ниятида бўлганлар ҳам анчагина. Бу уларнинг бизнеслари ривожи учун ҳам юқори малакали мутахассис етиштиришга ҳам хизмат қилади. «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида» бундай имконият яратилиши мамлакатимиз ривожи учун ўзига хос совға бўлади», деб ўз мулоҳазаларини билдирган вазир ўринбосари.
Шерзод Шерматовнинг айтишича, у бу масалада «Менинг фикрим» порталига петиция кўринишида таклиф киритган, бироқ нимагадир модератор амалдорнинг таклифини рад этди.
Таклифнинг рад этилиш сабаби Ўзбекистонда нодавлат университетлар очилишига имконият яратиш ҳақидаги масала 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 165-бандида назарда тутилгани билан изоҳланади.
Хусусан, Давлат дастурининг 165-бандида «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, лойиҳада:
- нодавлат таълим хизматларини ташкил этиш ва фаолиятини лицензиялаш;
- таълим тизимида давлат-хусусий шерикчиликнинг асосий қоидалари ва йўналишларини белгилаш, қолаверса таълим жараёнини замонавийлаштиришга оид бошқа қоидаларни белгилаш ҳам назарда тутилган.
«Аслида бу рад этиш қоидаларига тўғри келмайди. Давлат дастурини кўрсатилган бандида ҳам бошқа топшириқ берилган. Майли, агар ҳақиқатан (янги таҳрирдаги - таҳр.) «Таълим тўғрисида»ги қонунда буни кўзда тутишса, жуда яхши иш бўларди», деб сўзларини якунлаган Шерзод Шерматов.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимининг бошқаруви Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида олий таълимни бошқариш давлат ваколатли органлари томонидан амалга оширилади.
Олий таълим бошқарув органи Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳисобланади. 2018 йил 1 май ҳолатига кўра, республика бўйича олий таълим муассасалари жами 82та бўлиб, шулардан университетлар 21та, институтлар 35та, академиялар 2та, филиаллар 15та, консерватория 1та, Олий мактаб 1та, Чет эл ОТМ филиаллари 7тани ташкил этади.
Мавзуга оид
14:40 / 24.10.2024
“Кўпроқ инглиз тилида контент қилинг” – Шерзод Шерматов ўзбек ютуберларига кўпроқ даромад олиш учун тавсия берди
18:24 / 15.03.2024
Чет тилини биладиган ёшларнинг юқори маошли ишга жойлашишига ёрдам берилади
09:05 / 15.03.2024
“Америкага қилинган умумий экспортнинг ярмидан кўпи IT кесимига тўғри келади” – Шерзод Шерматов
12:12 / 05.01.2024