Иқтисодиёт | 12:15 / 19.05.2018
30291
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги иш ҳақи тўловларининг тўланиш аҳволи бўйича ахборот берди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йил май ойи учун иш ҳақи бўйича аванс тўловларининг тўланиши юзасидан мониторинг ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 14 май куни Молия вазирлиги томонидан қуйи молия органларига иш ҳақи бўйича аванс тўловларини ўз вақтида тўланишини таъминлаш мақсадида 149,7 млрд сўм миқдорда мақсадли маблағлар ажратилган.

Натижада ҳудудий ғазна ҳисоб рақамларида иш ҳақи бўйича аванс тўловларини республика миқёсида ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб берилиши учун етарли миқдорда маблағлар шакллантирилди.

Шу билан бирга, бюджет ташкилотлари раҳбарлари ва бош ҳисобчилари томонидан ғазначилик органларига тақдим этилган тўлов ҳужжатларига мувофиқ жорий йилнинг 16 май ҳолатига май ойи учун иш ҳақи бўйича аванс тўловларининг тўланиши республика миқёсида 93,0 фоизни ташкил этди.

Жумладан ҳудудлар кесимида:

Қорақалпоғистон Республикаси 88,6%
Андижон вилояти 85,8%
Бухоро вилояти 91,4%
Жиззах вилояти 94,0%
Қашқадарё вилояти 81,2%
Навоий вилояти 98,9%
Наманган вилояти 95,8%
Самарқанд вилояти 93,5%
Сурхондарё вилояти 88,9%
Сирдарё вилояти 97,3%
Тошкент вилояти 94,8%
Фарғона вилояти 99,1%
Хоразм вилояти 96,5%
Тошкент шаҳри 100,0%
Жами 93,0%

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бюджет ташкилотларининг иш ҳақи бўйича аванс тўловларини кечиктирмай тўланиши юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтилади. 

Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан Қашқадарё, Андижон ва Сурхондарё вилояти Молия бош бошқармаларига бюджет ташкилотларида иш ҳақи бўйича аванс тўловларининг ҳисобланиши ва тегишли тўлов ҳужжатларини ғазначилик органларига ўз вақтида тақдим этилиши юзасидан тегишли тармоқ вазирликлар ҳамда бюджет ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилаётгани билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги томонидан 2018 йил апрель ойининг иккинчи ярми учун иш ҳақлари тўланиши юзасидан тизимли мониторинг ўтказилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид