Ўзбекистон | 17:20 / 21.05.2018
37416
4 дақиқада ўқилади

Beeline судда UMS’га ютқазди. Beeline директори рақибга «бемисл имкониятлар» берилаётганидан норози

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар иқтисодий суди UMS компаниясининг Beeline уяли алоқа оператори билан интерконнект ставкаси бўйича иш юзасидан қуйи суд қарорига оид шикоятини қаноатлантирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, Тошкент туманлараро иқтисодий суди UMS’нинг даъвосини қисман қаноатлантириб, икки оператор ўзаро ҳисоб-китобларида интерконнект ставкасини 42 сўмдан 5 тийинга пасайтириш ҳақида қарор чиқарди. Шу билан бирга, суд янги нархнинг 2017 йил 1 сентябридан бошлаб амал қилиши бўйича рад жавоби берди. Компания бу қарордан норози бўлди ва шаҳар судида шартномага  янги тарифнинг кучга кириши тўғрисидаги ўзгартиришни киритиш талаби билан чиқди.

Натижада, юқори суд инстанцияси UMS томонини олди: шартноманинг интерконнект қиймати бўйича шартларнинг ўзгариши туманлараро суд қарорининг кучга кирган пайтидан эмас, балки давлат оператори талаб қилганидек, ўтган йилдан жорий этилади.

Шундай қилиб, янги ставка орқа сана билан амал қилади, Beeline эса UMS’дан тарифнинг қайта ҳисоб-китоб қилиниши туфайли 16,3 млрд сўм дебиторлик қарзи кам бўлади. Beeline’да бу қарорни мисли кўрилмаган деб аташди ҳамда Фуқаролик кодексининг 385-моддасига таянишган.

Unitel (Beeline савдо маркаси) бош директори Дмитрий Шуков суд қарорига изоҳ бериб, бу йил Beeline фойдасига давлат органи ёки давлат операторига қарши қабул қилинган биринчи инстанция судининг қарорини иккинчи маротаба бекор қилишганини таъкидлаб ўтди.

«Бу рақобат муҳитига ижобий таъсир қилмайди, ҳамда жаҳон амалиёти ва инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясига зиддир. Афсуски, давлат операторларининг манфаатлари хусусий компанияларнинг қонуний ҳуқуқларидан устун тургани яна бир бор тасдиқланди», - дея қайд этиб ўтди у.

Шу билан бирга, Шуковнинг сўзларига кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги интерконнект ставкасини тартибга солиш бўйича ваъдасини бажаришга шошилмаяпти. Қонунчиликка кўра, низо ҳолатларида вазирлик аралашиши керак ва рентабеллик доирасида ягона нархни ўрнатиши лозим. Вазирлик вакилининг судда тасдиқлашича, тартибга солувчи идора барча операторлар учун ягона тариф белгиламаган. Судьянинг бу нега ҳалигача қилинмагани бўйича саволига, у жараён жуда мураккаб экани ҳамда бунда шошиб бўлмасликни айтган. Бироқ, Beeline вакилларига кўра, бу иш вазирлиги мутахассислари томонидан 2017 йил октябридан бери амалга оширилмоқда.

«Афсуски, биз ҳозирча UMS’га мисли кўрилмаган нарсаларга имкон берилаётганини кўрмоқдамиз – амалдаги шартномани орқа сана билан қайта кўриб чиқиш, тўловларни қарийб 800 баробарга қисқартириш. Ўйлашимча, бу давлат операторининг маблағларини тежайди, бироқ шуни таъкидлаш керакки, давлат бюджети солиқ тўловларининг катта қисмини йўқотади», - дея қўшимча қилиб ўтди Шуков. 

Мақолани эълон қилиш вақтида UMS компанияси вакиллари ушбу иш бўйича ҳеч қандай изоҳ тақдим этмади.

Мавзуга оид