Ўзбекистон | 22:59 / 21.05.2018
6139
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна бир кичик саноат зонаси очилади. Бу ерда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади

Фото: worldradiomap.com

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги кичик саноат зонасида «Pharm product» МЧЖ томонидан 2018 йилнинг 4-чорагига қадар дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Лойиҳанинг умумий қиймати 18 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Молиялаштириш манбалари сифатида «Капиталбанк» ОАТ кредити ва «Pharm product» МЧЖ маблағлари кўрсатилган. 

Агар лойиҳа тўла қувват билан ишласа, у ерда 24 хил дори воситаси ишлаб чиқарилади, 400та янги ишчи ўрни яратилади, йилига 1,5 миллион АҚШ доллари қийматига тенг дори маҳсулотларини экспорт қилиш имкони вужудга келади.

Бундан ташқари, ушбу кичик зонада «Edgart best shoes» оилавий корхонаси пойабзал ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Корхона ўзбек бренди остида замонавий пойабзалларни ишлаб чиқариб ички ва ташқи бозорни таъминлашни режага киритган.

Корхона ҳудуди тахминан 1 гектар майдонни эгаллайди. Умумий қиймати 5 миллиард сўмга тенг йилига 500 минг пойабзал ишлаб чиқара оладиган қувватга эга бўлади. Лойиҳа 2019 йилнинг 4-чорагига бориб ишга туширилиши мўлжалланмоқда.

Агар корхона ишга тушириладиган бўлса, унда 200та янги ишчи ўрни яратилади, шундан 50таси коллеж битирувчиларига ажратилиши режалаштирилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид