14:09 / 22.05.2018
54887

Ифторлик эмас, ичи торлик қилибди...

Фото: KUN.UZ

Рамазоннинг биринчи ҳафталигини якунлаш арафасидамиз. Кунлар тез ўтиб кетди. Бу орада масжидларда хатмлар бошланди, таровеҳлар ўқиляпти, ифторликлар қилиняпти. Ҳа, дарвоқе ифторликлар... Бугунга келиб ҳашамвозлик иллати қон-қонимизга сингиб кетган миллатимиз учун ҳар қандай ишнинг асл моҳияти ва мазмуни йўқолгандек, муҳими ҳашам ва одамлар кўрсинга бўлиб қолди. Бир воқеа бу фикримни янада мустаҳкамлади.

Бир дўстимизнинг ифторлик дастурхонида бўлдим. Ўз қариндошлари, қўни-қўшни ва яқин дўстларидан иборат зиёфат. Оғиз очилди, таомланилди. Суҳбат бўлди, хуллас, ажойиб ифторлик ўтди. Соат тўққизга яқинлашишни бошлагач, дуога қўл очилди, таровеҳга бориш керак. Маҳаллам узоқлиги учун бир танишимнинг машинасига чиқиб олдим, салонда яна уч чоғли киши ўтирарди. Уларни танимадим. Машина жойидан жилди.

- Ажойиб, ифторлик бўлди-а? Аллоҳ рози бўлсин, - деб гап бошлаб қолди танишим.

Шу савол берилди-ю, машина ичида ўтирганлардан икки нафарининг “дил қулфи” очилиб кетди. Улар дастурхондаги камчиликлардан тортиб, салатнинг шўр бўлгани, қошиқ етмай қолгани, фалончининг ифторлик дастурхонида банандан тортиб, “фалон” салатгача бўлгани, “первий, второйлар”ни-ку гапирмаса ҳам бўлишлигини, ифторликка тарқатилган нонлар оддий эмас, махсус патирлар эканлигини ҳикоя қила кетишди. Уйимга етмасдан тушиб қолдим, ҳаво етишмади машина ичида.

Бу гапларни аёллардан эшитганимда ҳам хафа бўлмасдим, “аёллигига борди-да”, деб қўя қолардим. Аммо ғийбатни эркак лафзидан чиқиши уятли, иснодли ва жирканч эшитилар экан. Бундан ташқари, ҳозиргина нон-тузини еб чиққан хонадон соҳибини айблаш, “пастлик қилибди-да”, деб баҳолаш, билмадим, қайси инсоний қонуниятга тўғри келар экан. Дўстимга ҳам қойил қолмадим, ифторликка ҳақиқий рўзадорларни, ҳақиқий мўмин-мусулмонни чақирмайсанми? Унгаям қийин, чақирса бир гап, чақирмаса минг гап...

Ифторлик ўзи нима? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши бир рўзадорга бир дона хурмо ёки бир қултум сув, ёхуд озгина сут берган бўлса, Аллоҳ у кишини савоб билан сийлайди”, деб марҳамат қилган эканлар.

Ҳазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ифторлик мавзусига тўхталар эканлар, жумладан, шундай дейдилар: “Рамазон ойида ифторлик маросими қилиб рўзадорларни тўйдириш яхши иш. Аммо бошқа хайр-у эҳсонлар каби бу маросим ҳам шариатда аслида бева-бечора, мискин-фақирларни кўзлаб жорий қилинганини унутмаслик керак.

Ифторлик маросими қилиш ҳеч кимга фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Бизда, айниқса яқин қариндошлари оламдан ўтган одамлар, нима қилиб бўлса ҳам каттароқ ифторлик қилишга, кўпроқ одам чақиришга уринадилар. Ўзига тўқ ва пулдор одамлар эҳтимол иқтисодий қийинчиликка учрамаслар, аммо камбағал кишилар ўзларини, бола-чақаларини қийнаш эвазига ифторлик қилишлари ҳеч шариатга тўғри келмайди. Ифторлик қилиб бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом шариати руҳига тўғри келмайдиган ишдир.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганда, албатта уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади. Чунки рўзадор ва ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади”.

Ҳозир сариқ матбуотни варақласангиз, ундаги айрим мақолалар ана шундай ҳашамга ундаётгандек. Масалан, мана бу салатни ўрганинг, ифторлик дастурхонингизни безайди, мана бу торт ва пишириқлар меҳмонларингиз ҳайратига сабаб бўлади... Аслида, ўзимиз бу ишларнинг тарғиботчиси, ташкилотчиси ҳам ўзимиз. 

Кексаларимизга ҳам гоҳида тушуниш қийин, улар ҳам тўкин дастурхонли ифторликларга ўрганиб қолишдимикан? Насиҳат қилиб, маслаҳат солиб тўғри йўлни кўрсатишмайдими? У билмаса, улар билишади-ку...

Гапимиз якунида бир ҳадисни келтиришга жазм қилдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер", -деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Хулоса ўзингиздан...

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ журналисти

Top