Ўзбекистон | 21:43 / 23.05.2018
3401
2 дақиқада ўқилади

БМТнинг барча махсус маърузачилари Ўзбекистонга таклиф этилади

Фото: Reuters

Ҳар йили бир нафардан БМТ махсус маърузачиси  Ўзбекистонга таклиф қилинади. Бу йил судьялар мустақиллиги бўйича махсус маърузачи мамлакатга келиши кутилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов 23 май куни шундай баёнот берди.

"БМТ махсус маърузачиларини таклиф қилишга доир жуда кўп сўровлар бўлди, бироқ Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда судьялар эркинлиги бўйича маърузачини таклиф қилишга қарор қилди", - деди Саидов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган брифингда.

Унинг сўзларига кўра, 12 нафар махсус маърузачи Ўзбекистонга ташриф буюриш учун сўров юборган. 

"Биз уларга шундай дедик: step by step (таҳр. - босқичма-босқич). Ўтган сафар диний эркинлик масалалари бўйича махсус маърузачи Аҳмад Шоҳидни таклиф қилгандик. Бу йил яна бир маърузачи ва ҳ.к. Бундан кейин ҳам ишончли ва конструктив ёндашувга асосан ишлаймиз", - деди Саидов.

Аҳмад Шоҳид Ўзбекистонга 2017 йилнинг октябрида келган эди. У 10 кун давомида бир неча вилоятда бўлиб, қатор вазирлар ва президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб борган. 

Шаҳид БМТнинг Нью-Йоркдаги штабида Ўзбекистонга ташрифига доир ҳисобот берар экан, шундай деган:  "Президент томонидан ваъда қилинган ислоҳотлар ишончга лойиқ дейиш учун барча асослар бор. У ўз иродасини намойиш қилиш йўлида кўп ишларни амалга оширди, чунки мамлакатда ўзгаришлар учун жиддий салоҳият мавжуд".

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид