Ўзбекистон | 10:55 / 24.05.2018
4450
2 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг интеллектуал тизимлари жорий этилади 

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг интеллектуал тизимлари жорий этилади. Бу 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини 2018-2019 йилларда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"да назарда тутилган.

Хусусан, 2019 йил сентябрь ойига қадар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи вилоят бўлинмалари йўл-транспорт ҳодисалари ва ЙПХ қисмлари жойлашуви тўғрисидаги ахборотни акс эттирувчи геолокацион воситалар билан жиҳозланади.

2019 йил ноябрь ойигача йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган ҳолатларни ҳисобга олишнинг ягона автоматлаштирилган базаси электрон харитада йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқлари тўғрисидаги ахборот акс этишини ҳисобга олган ҳолда жиҳозланади.

2019 йил декабрга қадар қуйидаги имкониятларга эга бўлган мобил илова ишлаб чиқилади:

йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқлари, автомобиль йўлларининг айрим участкаларида ҳаракатланишни вақтинчалик тўхтатиш ҳақида қабул қилинган қарорлар тўғрисида ахборот олиш;

фойдаланувчилар учун Йўл ҳаракати қоидалари бузилган ва йўл инфратузилмаси шикастланган ҳолатлар тўғрисида ахборот жойлаштириш;

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар тўлаш бўйича транзакция хизматларини кўрсатиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ автомобиль транспорти босқичма-босқич замонавий хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланиши хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид