23:40 / 24.05.2018
26486

“Таслим бўлма” акцияси ҳисоботи: навбатдаги босқичда 76 млн сўмлик ёрдам кўрсатилди. Сиз ҳам фаол бўлинг! 

Хабарингиз бор, KUN.UZ таҳририяти лейкоз билан касалланган бемор болалар ва юртдошларимизга хайрия акцияси эълон қилган. Ушбу акциядан тушган маблағ эвазига сотиб олинган дори-дармонлар ўзига хос файз, самимият билан тарқатилмоқда. Куни-кеча, муборак Рамазон ойи аввалида халқимиз яна бир бор ғайрат қилди. Айниқса, Жанубий Кореядаги юртдошларимиз юборган хайриётлар аксар беморларимиз дардига шифо бўлди. 

Натижада жами 76 миллион сўм пул йиғилди. Шундан 67 миллионга дори-дармон олинди, яна 9 миллионга яқин пул баъзи беморларнинг дорихоналарда йиғилиб қолган қарзларини тўлашга сарфланди. Кам таъминланган беморлар рўйхати шакллантирилди ва уларга хайрия акциясидан тушган дори-дармонлар тақдим этилди. Дориларни тарқатар эканмиз, беморлардан орзулари ҳақида сўраймиз. Бемор болалар саволларимизга жавоб беришса-да, аммо кўзларидаги мунг кетмайди. Уларнинг орзулари олам-олам, ниятлари бисёр-бисёр. Ота-онам саломат бўлсалар бўлди, дея ўз тилагини билдираётган болажонларни кўриб, Яратгандан уларга шифо сўрайсан. Ота-оналарнинг қалб қўридан келаётган йиғини аранг босганча қилаётган дуолари ижобат, иншаоллоҳ. 

Хайрия акциясидан тушган дори-дармонлар қуйидаги беморларга тақдим этилди:

1-болалар бўлимидан: Абдуллаева Анора, З. Собитжонова, Ш. Раҳмонов, У. Аббосова, С. Абдуносирова, Раҳимова, Раҳимов, А. Розиқжонова, З. Носиров, З. Эминжонова, Д. Абдумўминова, М. Қаюмова, У. Валиев, Ж. Валижонов.

2-болалар бўлими: Фариде Мусаева ва Нилуфар Эркинова.
1-гематология бўлими (катталар):  З. Рустамова, Р. Юсупова, Н. Исмаилова, Ф. Юсупова,  Д. Матжонов, Ш. Ҳамроев.

Кундузги бўлим: Ю. Ҳамроев, З. Абдувалиева, Рамазонов, Махаматжонова, Анваров, Маратова, Кван Эмна, Мадатова, Солижонов.

Paypal тизими орқали 29.03 - 18.05 оралиғида хайрия учун
келиб тушган пул маблағлари жами: 425 АҚШ доллари
Тинкофф банк ҳисоб рақамига Россиядаги юрдошларимиз томонидан
жами - 17 815р. келиб тушди (300 АҚШ доллари)
Сбербанк ҳисоб рақамига Россиядаги юртдошларимиз томонидан
06.04 - 18.05 оралиғида жами - 29 500р. келиб тушди (475 АҚШ доллари)
29.03 - 18.05 оралиғида 19 569 507 сўм Агробанк ҳисобига келиб тушди

Шунингдек, 2 900 000 сўм хайрия ниятида юртдошларимиз томонидан омонат тарзида Kun.uz ходимларига бериб кетилди.

Бу галги хайрия натижасида жами 76 миллион сўм маблағ йиғилди. 

Муборак ойдаги саховатдан кўзлар қувончга тўлди. Эҳтиёжмандларнинг елкасидан тоғ ағдарилди. Дилларида яхшилик нияти. Дуолар, сўзсиз, ушбу хайрия акциясида иштирок этганлар ҳақига етиб боради.

KUN.UZ таҳририяти “Таслим бўлма” хайрия акциясида иштирок этган барчага ўз миннатдорчилигини билдириб қолади. Аммо шифохонада қалби умидга тўла беморлар жуда кўп. Уларнинг ҳам соғайгиси, бу кунларни унутгиси келади. Бунинг учун уларга зарур дори-дармонлар керак бўлади. Бироқ дорилар қиммат, эҳтиёжманд беморлар эса кўп. Ушбу акцияни маблағ йиғилишига қараб бир ойда бир ёки икки марта ўтказишни режалаштирганмиз. Шу сабаб унда фаол иштирок этинг. Айниқса, Рамазон ойида қилинган ҳар бир яхшилик Яратган ҳузурида етти юз марта кўпайтириб ёзиладиган кунларни ғанимат билиб, эҳсон ва саховат қилишга шошилинг.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top