Жамият | 21:31 / 25.05.2018
7708
2 дақиқада ўқилади

Очиқ сайёр суд: Жамоат хавфсизлигига таҳдид солган жиноятчига ҳукм ўқилди

Фото: kun.uz

25 май куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди 52-ихтисослаштирилган мактаби биносида очиқ сайёр суд мажлиси ташкил этилди. А.Саидовнинг раислигида ўтган очиқ сайёр суд мажлисида Саидов Дилшодбек Абдуваитовичга  нисбатан жиноят иши кўрилди. Шунингдек, халқ маслаҳатчилари Р.Мирзаева ва С.Маллабаевалардан иборат таркибда жамоатчилик вакиллари ҳам бевосита суд жараёнида иштирок этишди. KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, судланувчи Жиноят Кодексининг 2442-моддаси 1-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айбланган. 

Олиб борилган тезкор суриштирув ва тергов жараёнида Д.Саидов рўйхатдан ўтган Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Заркент кўчаси, 28-уй ва муқаддам яшаган Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Заркент кўчаси 64-уйда ўтказилган тинтув жараёнида бир неча турдаги диний мазмундаги адабиётлар ва CD дисклар аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинганлиги аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертларининг 19 июнь 2012 йилдаги ИВ-200-сонли хулосасига кўра,  ушбу адабиётларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва сотиш тақиқланиши аниқланган.

Суд Д.Саидовга Ўзбекистон Республикаси ЖК 242-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда ЖКнинг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 3 (уч)  йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 

Д.Саидовнинг зиммасига жазони ўташ даврида қуйидаги шартлар белгиланди: 

•  соат 21.00 дан 06.00 га қадар яшаш жойини тарк этмаслик;
•  назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик;
•  оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик.

Ҳукмдан норози тарафларга ҳукм эълон қилингандан сўнг 10 кун ичида аппеляция, 10 кундан кейин эса кассация тартибида протест ёки шикоят келтиришлари мумкинлиги кўрсатилиб ўтилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид